Қирғизистон ноқонуний мигрантларнинг мамлакатга қайта киришини чекламоқчи

16:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Қирғизистон ҳукумати мамлакатга ноқонуний тарзда кирган фуқароларни қайта киришдан тийиш чораларини кўрмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Қамчибек Ташиевнинг баёнотига асосан Report.kg хабар берди.

Migrant

8 июл куни Ташиев Ўш вилоятига ташриф буюриб, “Дўстук” чегара пунктидаги миграция оқими билан танишди. Ҳар куни ушбу нуқтадан 20 минггача киши ўтаётгани қайд этилди. Эрталаб оқим Қирғизистонга қаратилаётган бўлса, кечқурун ўша фуқаролар Ўзбекистонга қайтаётгани кузатилмоқда.

Ташиев миграциянинг бундай характерини шубҳа остига олиб, чегарани фақат ишлаш мақсадида кесиб ўтаётган фуқароларни аниқлаш зарурлигини билдирди. У Миллий хавфсизлик қўмитасига бу масалани назорат қилиш бўйича топшириқ берди.

Масъуллар таъкидлашича, Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонда 60 кунгача қолиши мумкин, аммо улар 5 кун ичида рўйхатдан ўтиши шарт. Бунга риоя қилмаганлар жаримага тортилмоқда. Ҳар куни 10−15 та қонунбузарлик ҳолати аниқланмоқда.

Ташиев қонунбузарларга нисбатан янада қатъий чоралар кўриш, хусусан, мамлакатга қайта киришни тақиқлаш масаласини кўриб чиқиш зарурлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу визани бузиш ҳолатлари сонини камайтиради.

Қирғизистонда ишлаш учун келган хорижликлар «ягона рухсатнома» асосида фаолият олиб бориши лозим. Бу ҳужжат 2025 йил 1 январдан бошлаб ишга туширилган бўлиб, унда ишчи виза ва квоталар алоҳида тартибда эмас, бирлашган ҳолда берилади.