Қозоғистонда «Қизил китоб»га киритилган миллионга яқин сайғоқни отишга қарор қилинди 

16:30 | 9 дақиқада ўқилади.

Мамлакатдаги жами сайғоқлар сони бугунги кунда 3,9 млнга етган бўлиб, мавжудот шу суръатда ўсишда давом этса, уларнинг популяцияси учун нафақат Қозоғистон,балки Россия ерлари ҳам торлик қилиши мумкин.

Saygoqlar

Қозоғистон экология ва табиат ресурслари вазири Ерлан Нисанбаевнинг айтишича, бу ҳайвонларнинг тахминан 20 фоизи ёки 800 минг бошга яқин сайғоқ, юмшоқ қилиб айтганда, «популяциядан олинади», яъни отилади. Сабаби мамлакатда сайғоқлар сони 3,9 млн бошга етган ва бу тарихий энг юқори кўрсаткичлардан уч карра кўп. Бунчалик юқори суръатда кўпайиш сайғоқлар келажагини хавф остига қўймоқда, чунки уларнинг популяцияси учун Қозоғистон ва ҳатто қўшни Россия ерлари ҳам торлик қилиши мумкин. Бу ҳақда RTVI хабар берди.

Мамлакат ҳудудида сайғоқларни отиш кампанияси 30 ноябргача давом этади.

Қозоғистон ҳудудида яшовчи уч турдаги сайғоқлар орасида, мораторий қўлланган йилларда урал (2,3 млн) ва бетпақдала (1,6 млн) сайғоқлари сони айниқса кўпайиб кетган.

«Экологик парадокс қаршисида қолдик: асраш бўйича муваффақият уларнинг ўзига ва келажагига хавф туғдирмоқда, тезда чора кўришимиз лозим», — деди Қозоғистон фан ва олий таълим қўмитаси Зоология институти териология лабораторияси мудири Алексей Грачёв.

 

Сайғоқ ўзи қандай ҳайвон?

Сайғоқлар чўл ва яримчўлларда яшайди. Ўсимликлар билан озиқланади. Кўчманчи ҳаёт кечиради — йил фаслига қараб жой ўзгартиради. 10-12 йил яшайди, она сайғоқ йилига 1-2 та бола туғади. Кичик танаси, узун оёқлари билан 80 км тезликгача югура олади.

Сайғоқлар ўзаро бўғиқ, паст товушлар орқали алоқа қилади. Болалари йўқолса, она сайғоқ қичқириб, боласини чақирмайди — чунки бу атрофда кезиб юрган ёввойи ҳайвонларни жалб қилиши мумкин. Унинг мудофааси — сукут ҳисобланади.

Болалари туғилгандан сўнг 1 соат ичида юра бошлайди ва 2–3 соат ичида югуришга тайёр бўлади.

Унинг бурни — супер компютердек тузилган. Унинг ташқи кўриниши қизиқарли, бошқа ҳайвонларга ўхшамаган тарзда яратилган бўлса, ички қисми жуда мураккаб, бошқа махлуқотларда мутлақо учрамайдиган тарзда яратилган. Бурун ичидаги йўллар илдиздек бурилган ва тортилган шаклда — гўё ёғочдан ясалган лабиринтга ўхшайди. Сайғоқларнинг бурни шунчалик нозик тузилганки, у нафас олиш вақтида ҳавони филтрлайди, иссиқда совитади, совуқда эса, иситади. Сайғоқнинг бурни — табиий кондиционер ҳисобланади.

Сайғоқ бурни ўзига хос шакли ва ички тузилиши билан нафақат нафас олишни таъминлайди, балки, ҳаёти учун муҳим бўлган бир неча вазифаларни бажаради:

  • Сайғоқ чўл ва ярим чўлларда яшайди, у ерда ҳаво ҳар доим ҳам тоза эмас — чанг, ифлос зарралар жуда кўп. Сайғоқнинг катта, илонсимон пастга осилиброқ тушган бурни натурал фильтр вазифасини бажаради. У ҳавони ғубордан тозалайди, ўпкага тоза ҳаво тушишини таъминлайди. Бурун ичидаги майда тукчалар ва суюқлатувчи шиллиқ пардалар мавжуд бўлиб, улар чангни ушлаб қолади;
  • Қишда ҳаво совуқ ва қуруқ бўлади. Бу савсумда сайғоқнинг бурун йўллари совуқ ҳавони иситиб, ўпкага мослаштирилган ҳароратда ҳаво юборади.Ёзда эса — ҳаво қизиқ ва қуруқ бўлгани учун бурни иссиқ ҳавони совутиб, ундаги намликни қайта ишлайди. Сайғоқ қўрққанда ва тез югураётганда бурни орқали ҳаво айланиши янада тезлашади, бу уни тез шамоллашдан сақлайди.

Кичкина бола сайғоқлар ҳам туғилган пайтдан бошлаб бурнини «ишлатишни» билади — бу наслга ўтиб келувчи табиий инстинкт дейилади.

Бурун ичидаги туксимон безлар ва тукчалар чанг, бактерия ва вирусларни ҳаводан ажратиб, ушлаб қолади. Бу пардада яллиғланишнинг олдини оладиган антисептик суюқликлар (ферментлар) ҳам ишлаб чиқарилади. Шунинг учун сайғоқ чўлнинг энг чанғли муҳитида ҳам ўпка касалликларига кам учрайди. Энергия тежамкорлик вазифасиниям ўтайди, кам энергия билан тўлиқ нафас олишни таъминлайди.

Эътиборлиси шундаки, NASA ва биоинженерия соҳасидаги олимлар сайғоқнинг бурнини намуна сифатида олиб, ҳаво тозалаш ускуналарини, махсус ҳаво фильтрларини шунга қараб лойиҳалаштирган. Унинг бурнидан илҳомланиб, маскалар ва противогазлар учун янги дизайнлар тайёрланган.

Бир эркак сайғоқ 10 тадан 40 тагача она сайғоқ билан яшайди.

 

Ўзбекистонда сайғоқлар сони нечта?

Ўзбекистонда сайғоқлар сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. ЎзФА Зоология институти ва «Сайгачий» комплекс буюртмахонаси ходимлари олиб борган тадқиқотларга кўра, 2012 йилда мамлакатимиз ҳудудида 525 бош сайғоқ борлиги қайд этилган. 2021 йилга келиб эса уларнинг миқдори 100 бошдан ҳам камайиб кетгани маълум қилинган.

Сайғоқлар асосан Қорақалпоғистоннинг Устюрт платосида, Шарқий ва Жанубий Қорақалпоғистон ҳудудларида, шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида учрайди.

Фармонова Меҳриноза тайёрлади.