Рақобат қўмитаси кўрсатмаси билан Mobiuz тарифларига оид чекловни бекор қилди

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Mobiuz мобил оператори томонидан тариф алмаштиришдаги чекловлар бекор қилинди. Шу билан бирга, қўмита мобил операторнинг абонентларга кундалик абонент тўлови режимига ўтиш хизматини бошқариш усуллари бўйича тушунтириш беришини таьминлади.

Mobi.uz

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Рақобат қўмитаси мобил алоқа хизматлари юзасидан таҳлил ва назорат ишларини олиб бормоқда. Бу жараёнда шартномалар ва тариф режаларидаги эҳтимолий камситиш ҳолатлари кўриб чиқилди.

Ушбу иш доирасида Mobiuz (UMS) томонидан жорий қилинган «Mazza!» тариф режасига фақат мобил илова орқали ўтиш имконияти белгилангани аниқланди. Бу эса, фуқароларни илова орқали ҳаракат қилишга мажбурлаб, танлов эркинлигини чеклаган. Қўмита кўрсатмаси асосида энди ушбу тарифга Mobiuz офислари орқали ҳам ўтиш мумкин ва абонентлар бу ҳақда хабардор қилинган.

Бундан ташқари, компания томонидан ойлик абонент тўлови учун маблағ етарли бўлмаган ҳолларда автоматик равишда кунлик абонент тўлови тартиби жорий этилган. Лекин, ушбу хизматни мустақил равишда ёқиш ёки ўчириш мумкин бўлса-да, кўплаб абонентлар бундан бехабар бўлган. Қўмита ушбу камчиликни бартараф этиш мақсадида компанияга расмий веб-сайтда маълумот жойлаштириш ва SMS орқали тушунтириш юборишни топширди.

Қўмита билдиришича, Mobiuz ушбу кўрсатмаларни ўз вақтида бажарган ва бу ҳолат ижобий баҳоланган. Шунингдек, бошқа мобил операторларга ҳам истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чоралар кўриш тавсия этилган.

Шу билан бирга, Beeline компанияси билан ҳам ойлик ва кунлик абонент тўловлари бўйича шартларни қайта кўриб чиқиш ишлари давом этмоқда. Июн ойида Қўмитанинг ушбу операторга кўрсатма берганлиги ҳақида ҳам хабар берган эдик.