Россияда ишловчи чет элликлар ўз юртларига фақат расмий маошлари миқдорида пул ўтказиши мумкин. «Новие люди» партияси депутатлари Алексей Нечаев, Сардана Авксентьева ва Владимир Плякин томонидан таклиф этилган мазкур чора мамлакат иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Улар Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллинага йўллаган мурожаатида бундай чеклов яширин даромадларнинг олдини олиши, солиқ тушумларини ошириши ва молиявий операцияларнинг шаффофлигини таъминлашини таъкидлаган. Амалдаги қонунлар бу борада самарали назорат механизмларини назарда тутмагани қайд этилган.
Янги ташаббусга кўра, расмий маошидан ортиқча миқдорда пул ўтказмоқчи бўлган мигрантлар махсус декларация орқали даромад манбасини тасдиқлаши керак бўлади. Шунингдек, Россия банкларига чет элликларнинг молиявий операциялари устидан кучайтирилган мониторинг юклатилиши таклиф қилинмоқда.
Шу билан бирга, Россия ҳукумати меҳнат мигрантлари учун қўшимча давлат божлари жорий этишни ҳам муҳокама қилмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, патент бериш ёки уни узайтириш — 4200 рубл, ҳужжат дубликатини бериш ёки ўзгартириш — 2100 рубл этиб белгиланиши мумкин.
Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2024 йил охирида мамлакатда 6,3 млн хорижлик фуқаро бўлган. Улар асосан қурилиш, савдо ва саноат соҳаларида фаолият юритган.