«See Breeze бўйича ҳали экспертиза хулосаси олинмаган» – Давлат экологик экспертиза маркази

16:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Чорвоқ сув омбори соҳилида қурилиши режаланган ва жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлаётган Sea Breeze курорт лойиҳаси бўйича ҳали Давлат экологик экспертизаси хулосаси олинмаган.

Sea breeze1

Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири саволига жавобан Давлат экологик экспертиза маркази Ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Акрамова маълум қилди.

«Бугун Sea Breeze лойиҳаси чиндан ҳам ОАВда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Агар бу масалада Экология вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси марказига экологик хулосаларни олиш бўйича мурожаат қилинса, биз албатта лойиҳани кўриб чиқамиз. Шундан кейингина мутахассисларимиз лойиҳа бўйича ўз хулосаларини беришади», – деди Ш.Акрамова.

Маълумот учун: 2024 йил 16 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қурилиши мўлжалланган халқаро туризм маркази тақдимоти билан танишган эди. Унда озарбойжонлик ишбилармон Эмин Агаларов бир қатор хорижий компаниялар билан бирга Чорвоқ сув омбори бўйида Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм марказини қуриш истагини билдирган.

Лойиҳага кўра, курорт зонасида дам олиш масканлари, меҳмонхоналар, пляж, спорт майдончалари, коттежлар ва турар жой мажмуалари, шунингдек, ресторанлар, мактаблар, аквапарк, дўконлар ва дам олиш боғлари бўлади. Халқаро брендларнинг дўконлари, ресторан ва хизмат шохобчалари очилади. Турли фестиваллар, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади.

Эмин Агаларов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида ушбу лойиҳа «5−7 миллион метр квадрат» (500−700 гектар) майдонни эгаллашини айтган.

«Давлат раҳбари Озарбойжондаги Sea Breeze лойиҳаси муваффақиятли ишлаётганидан хабардорлигини билдирди. Бу лойиҳани ишга туширишда бизда тажриба бор», — деган Агаларов.

Лойиҳа Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида кўплаб норозиликларга сабаб бўлиб келмоқда. Жумладан, кўплаб экофаоллар лойиҳа бўйича мустақил экспертиза ўтказишга чақиришмоқда. Жамоатчилик бундай катта кўламдаги қурилиш Тошкент шаҳри ва вилояти учун асосий сув манбаи бўлган Чорвоқнинг табиий мувозанатини бузишидан хавотирда.