Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги «Strong Cities» МЧЖ қурилиш компанияси 200 кишидан 5 млрд сўм олиб, ғойиб бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, мазкур МЧЖ раҳбари қамоққа олинган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, фуқаро Т.Н. ва унинг шериклари 2021 йил 11 август куни «Strong Cities» МЧЖни ташкил этиб, зарур меъёрий ҳужжатлар ва тегишли рўйхатдан ўтмасдан фаолият юрита бошлаган.
Улар Олмазор туманидаги ер майдонида кўп қаватли уй қуришини айтиб, фуқароларни ишончига кирган.
Аниқланишича, қурилаётган уй учун банкда махсус ҳисоб рақами очмасдан, 2023–2024 йиллар давомида фуқаролар билан шартномалар тузиб, улардан катта миқдорда пул олган.
Ҳолат юзасидан фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
«Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди («Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда содир этилиши») билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида фуқаро Т.Н. га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда», дейилади хабарда.