Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳамкорлигида коррупцияга қарши ўтказилган махсус операция чоғида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига қарашли Миробод тумани бўлинмасининг подполковниги У.С. ашёвий далиллар билан ушланган.
«Подполковни У.С. Яккасарой тумани ИИО Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган фуқарони қамоқдан озод этишга ваъда бериб, айбланувчининг қариндошидан 18 минг доллар пора олган. У бу маблағ эвазига қамоқ эҳтиёт чорасини гаровга алмаштиришни таклиф қилган», дейилади хабарда.
Бироқ амалдор ўз ваъдасини бажара олмаган ва пулнинг бир қисмини қайтариш вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга тушган. Ундан ашёвий далил сифатида поранинг бир қисми олинган.
Ҳозирда мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора олиш) асосида жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.