Тошкентда «Sea Breeze Uzbekistan» савдо офиси пайдо бўлди — блогер танқидлар тўлқини фонида сурат эълон қилди

19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Озарбайжонлик тадбиркор Эмин Агаларов томонидан Чорвоқ сув омбори бўйида қурилиши режалаштирилаётган йирик курорт мажмуаси — «Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳаси атрофидаги баҳслар фонида Тошкент шаҳрида мазкур лойиҳага тегишли савдо офиси пайдо бўлди.

See breeze

Бу ҳақда блогер Нурбек Алимов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида сурат эълон қилган (https://t.me/Alimofflive/12383). Суратда «Sea Breeze» логотипи акс этган офис пешлавҳаси кўриниб, аниқ жойлашуви келтирилмаган.

Аввалроқ, «Sea Breeze» курорт лойиҳаси бўйича ҳали Давлат экологик экспертизаси хулосаси олинмагани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун: 2024 йил 16 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қурилиши мўлжалланган халқаро туризм маркази тақдимоти билан танишган эди. Унда озарбойжонлик ишбилармон Эмин Агаларов бир қатор хорижий компаниялар билан бирга Чорвоқ сув омбори бўйида Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм марказини қуриш истагини билдирган.

Лойиҳага кўра, курорт зонасида дам олиш масканлари, меҳмонхоналар, пляж, спорт майдончалари, коттежлар ва турар жой мажмуалари, шунингдек, ресторанлар, мактаблар, аквапарк, дўконлар ва дам олиш боғлари бўлади. Халқаро брендларнинг дўконлари, ресторан ва хизмат шохобчалари очилади. Турли фестиваллар, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади.

Лойиҳа Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида кўплаб норозиликларга сабаб бўлиб келмоқда. Жумладан, кўплаб экофаоллар лойиҳа бўйича мустақил экспертиза ўтказишга чақиришмоқда. Жамоатчилик бундай катта кўламдаги қурилиш Тошкент шаҳри ва вилояти учун асосий сув манбаи бўлган Чорвоқнинг табиий мувозанатини бузишидан хавотирда.