Хусусий клиникаларга трансплантацияга рухсат берилиши мумкин

17:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасаларига аъзо органларни кўчириш (трансплантация) операцияларини амалга оширишга рухсат берилиши мумкин. Бундай қарор ташаббуси Президент қарори лойиҳаси доирасида муҳокама қилинмоқда. Хорижга даволаниш учун чиқаётган беморлар сони ортиб бораётгани масалани янада долзарблаштирмоқда.

Operatsiya

15 июл куни Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ўтказилган очиқ мулоқотда, Ўзбекистонда хусусий клиникаларга трансплантация операцияларини амалга оширишга рухсат бериш масаласи муҳокама қилинди.

Central Asian Medical University ректори Нурилло Мамасадиков Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида стандартларга жавоб берадиган клиникаларга бундай ҳуқуқ беришни қўллаб-қувватлади. Унинг таъкидлашича, маҳаллий клиникаларни рўйхатга олиб, уларга хорижий муассасалар билан ҳамкорликда трансплантация амалга оширишга рухсат бериш кадрлар тайёрлашга ёрдам беради.

Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Алишер Бобоевнинг маълум қилишича, ҳозирда Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва вазирлик ҳамда ҳокимликлар билан келишилмоқда. Ҳужжат яқин 2–3 ҳафта ичида қабул қилиниши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Жалолиддин Асамутдинов сўнгги йилларда кўплаб беморлар трансплантация хизмати учун хорижга юборилаётганини таъкидлади. Айни пайтда Ҳиндистон, Туркия каби мамлакатларда даволаниш оқими ошиб бормоқда. Бу эса ташкилий ва молиявий муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Асамутдиновнинг сўзларига кўра, бу мураккаб соҳани ривожлантириш учун генетик таҳлиллар ва бошқа юқори технологияли тестларни жорий қилиш зарур. Биринчи босқичда кўз аъзолари трансплантациясига рухсат бериш режалаштирилган. Кейинчалик барча малакали клиникаларга кенг имкониятлар яратилиши кутилмоқда.