2025 йил 14 июл куни Президентнинг «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–111-сонли Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат давлат бошқаруви тизимида функционал самарадорликни оширишни мақсад қилган.
Фармонга мувофиқ, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тугатилди. Унга тегишли назорат ва мониторинг вазифалари Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясига ўтказилди. Шунингдек, Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ Администрация тасарруфига ўтказилди.
Бундан ташқари, Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази негизида янги агентлик — Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ташкил этилди. Администрация Матбуот хизмати медиа-маркази асосида Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташкил этилди.
Фармонга биноан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида Бошқарув самарадорлиги агентлиги тузилди. Шунингдек, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳам Администрация ихтиёрига ўтказилди.
2025 йил 1 сентябргача давлат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг самарадорлигини ошириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланиши белгиланди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг иқтисодий ва молиявий ваколатларини кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.