«Ипотека банк» 2025 йил биринчи ярим йилликка оид молиявий ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, банк ушбу даврни 392,5 млрд сўм соф зарар билан якунлади. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 304,5 фоизга камайган.
Мазкур банк 2023 йилда Венгриянинг OTP Group молия гуруҳига хусусийлаштирилган эди. Ундан сўнг молиявий кўрсаткичларда салбий ўзгаришлар кузатилмоқда. Солиштириш учун, 2024 йилнинг шу даврида «Ипотека банк» 191,8 млрд сўм соф фойда қайд этган эди.
Шунга қарамай, банкнинг фоизли даромадлари 7,2 фоизга ошиб, 5,5 трлн сўмни ташкил этди. Фоизсиз даромадлар эса 38,5 фоизга кўтарилиб, 2,1 трлн сўмга етган.
«Ўзмиллийбанк» 2025 йилнинг биринчи ярмида 1 трлн сўм соф фойда олганини маълум қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,4 фоизга юқори натижадир. 2024 йилнинг шу даврида ушбу банкнинг соф фойдаси 945 млрд сўмни ташкил этган эди.
Жорий йилда банкнинг фоизли даромадлари 8,4 трлн сўмга етди, бу 15,3 фоизлик ўсишни англатади. Фоизсиз даромадлар ҳам сезиларли даражада кўпайиб, 5,2 трлн сўмга етган. Шу билан бирга, банк ходимларига иш ҳақи ва бошқа харажатлар учун 593,1 млрд сўм, давлатга эса 163,7 млрд сўмлик солиқ тўланган.