Ўзбекистонлик таниқли тадбиркор, «Murad buildings» қурилиш компанияси асосчиси Мурод Назаров уйлар қурилиши жараёнида коррупция аралашган ҳолда дарахтлар кесилаётганини тан олди. У дарахт кесишни қонунийлаштиришни таклиф этмоқда.
Унга кўра, яқинда Тошкент шаҳрининг бош режаси чиқади.
«Тошкент шаҳрини оладиган бўлсак қурилишлар бундан буён асосан ё реновация ёки реконструкция ҳудудларида бўлади ва у жойларда табиийки бўш жой ёки дарахт бўлмаса. Ҳамма жойларда дарахт бор, ҳамма бино атрофида дарахт бор. Ўша дарахтлар ўйланмасдан кесиб ташлангани резонансларга сабаб бўлгани учун мороторийлар қўйилганди, бунга. Лекин тўғрисини тан олиш керак, реконструкция қиладими, реновация қиладими бу жойларда техникани қўяман деса дарахтлар ҳалақит беради-да. Ва қанақадир йўллар билан дарахтлар кесиляпти», — дейди Назаров.
Тадбиркорга кўра, дарахтлар кесилишига чеклов қўйиш керак эмас, чекловлар ҳаммаси қайта коррупцияни кучайтиради.
«Имтиёзларга ҳам қаршиман. Бу ерда таклифим шуки, ўрнига ўрин экилсин дарахт дейишса, бошқалар янги экилгани қуриб кетиши мумкин деган эътирозлар ҳам билдирилиши мумкин ва ўринли бу ҳам, экилганидан сўнг у тикланадими йўқми? Келинглар ундан кўра, ҳар бир қурувчи компания ёки бўлмаса учинчи шахс компания дарахтлар банкининг устида ишласин. Масалан, биз кейинги йил, ундан кейинги йил тахминан қанча қурилиш қиламиз, тахминан қанча дарахт кесилиши мумкин. Олдиндан дарахтларни экиб қўяйлик, диаметр кўрсаткичлари бўлсин, ҳокимятнинг балансига ўтиб кетаверади керак бўлса. Учинчи шахслар ҳам бу билан шуғулланади керак бўлса, чунки дарахт экмаган компания бўлса учинчи шахсдан сотиб олсин ўша лимитни. Натижа дарахт экишга ҳам инвестициядек қараш бошланади», — деди у.
Мурод Назаров институционал механизм яратишни таклиф этмоқда.
«Мирободда уй қуряпмизми, у ердаги балансни айнан Мирободда экиладиган дарахтлар орқали тиклайлик. Чунки шундоқ ҳам дарахтлар кесиляпти. Энди чекловдан кўра, унинг механизм ва регламентини яратиб қўяйлик. Масалан, агар 40 см диаметридаги дарахт кесилса, унинг ўрнига 15–20 смлик 10 та дарахт экилиши керак», — деди тадбиркор.
Бу фикр жамоатчилик орасида кескин норозиликларга сабаб бўлди. «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродга кўра, буни фақат жамоатчилик ҳал қилиши мумкин. Ҳозирги кунда кўпчилик фуқаролар Тошкент марказида янги бинолар қурилиши эмас, яшил ҳудудларни кўпайтириш тарафдори.
«Битта чинор бироз соя бериши учун 7-10 йил вақт керак. Таклиф бераётган девелопер шунча йил олдин дарахт экиб боғ яратадими?», — демоқда раис.
Шу ўринда айрим кузатувчилар таъкидлаётган яна бир жиддий жиҳат — Назаровнинг чиқиши орқали Тошкентнинг бош режасига ўзгартиришлар киритилаётгани ҳам ошкор бўлди. Бу ўзгаришлар қандай муҳокама қилинмоқда, жамоатчиликдан қандай фикрлар олинмоқда — бунинг ўзи алоҳида савол.
Назаровнинг чақириқлари ва реал амалиёт ўртасида катта фарқ бор. Ҳозирги кунда фаолият юритаётган айрим девелоперлар ўз чиқишларида очиқ-ойдин «барибир пулини тўлаяпмиз», дея гапириши — тизимдаги ҳалокатли муҳит ва жазосизлик ҳиссини кўрсатади», — демоқда ижтимоий тармоқ фаоллари.