Coca-Cola Трамп таклифига кўра рецептини ўзгартирмоқчи

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Доналд Трампнинг таъкидлашича, Coca-Cola компанияси унинг сўровига кўра АҚШ бозоридаги ичимлик таркибини ўзгартиришга рози бўлди. Энди у маккажўхори сиропи ўрнига шакарқамишдан тайёрланиши мумкин. Ҳозирча компания буни расман тасдиқлагани йўқ.

Kola ichayotgan tramp

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп 16 июл куни Truth ижтимоий тармоғида қилган баёнотида Coca-Cola компанияси АҚШ бозори учун мўлжалланган ичимлик рецептида шакарқамишдан фойдаланишга рози бўлганини маълум қилди. У ўз сўзларида компания раҳбарларига миннатдорлик билдириб, бу ўзгариш фақат ижобий натижа беради, деди.

Бироқ Coca-Cola матбуот котиби бу маълумотни расман тасдиқламади. CNN’га берган изоҳида компания раҳбарлари Трампнинг Coca-Cola га бўлган қизиқишини қадрлашларини билдиришди ва яқин кунларда янги маҳсулотлар ҳақида аниқ маълумот тақдим этилишини айтишди.

Айни пайтда АҚШ бозорида сотилаётган Coca-Cola таркибида шакарқамиш эмас, балки фруктозага бой маккажўхори сиропи ишлатилади. Трамп ташаббуси АҚШдаги озиқ-овқат маҳсулотларида сунъий қўшимчаларни қисқартириш бўйича бошланган кенг кампания билан ҳамоҳангдир.

Reuters маълумотига кўра, АҚШнинг соғлиқни сақлаш котиби кичик Роберт Кеннеди маккажўхори сиропи ва бошқа зарарли моддаларни озиқ-овқатлардан чиқариш ташаббусини бошлаган. У болалар семизлиги ва саломатлик муаммоларининг асосий сабаби сифатида юқори фруктозали маҳсулотларни кўрсатмоқда.

Тиббиёт мутахассислари қўшимча қанд истеъмолини чеклашни тавсия қилишса-да, шакарқамиш ва фруктозали сироп ўртасида таъсири жиҳатдан муҳим фарқлар аниқланмаган. Шу билан бирга, Трампнинг ўзи парҳезбоп Diet Coke ишқибози бўлиб, ҳатто Овал кабинетда бу ичимликни чақириш учун махсус тугма ўрнатилгани айтилган.