Kotib AI Research таҳлилига кўра, Ўзбекистонда шахсий маълумотларни фақат мамлакат ичида сақлаш бўйича жорий этилган қатъий талаблар рақамли иқтисодиётнинг ривожланишига жиддий тўсиқ бўлмоқда. Бу ҳолат нафақат технологик ўсишни секинлаштиряпти, балки халқаро инвесторларни ҳам хавотирга солиб, мамлакатни сунъий интеллект бозоридан четда қолдирмоқда.
Муаммо нимада?
2019 йилда қабул қилинган «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида» ги қонуннинг 27-1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари фақат республика ҳудудидаги серверларда сақланиши ва ишлов берилиши керак. Бу талаб:
- Глобал технологик платформаларнинг Ўзбекистон бозорига киришини қийинлаштирмоқда;
- Инновацион хизматлар ва сунъий интеллект ечимларини жорий қилиш имкониятларини чекламоқда;
- Маҳаллий компаниялар учун технологик харажатларни оширмоқда.
Тадқиқотларга кўра, бу чекловлар ҳар йили Ўзбекистонга тахминан 4,5 млрд долларгача иқтисодий зарар келтиряпти. Бу рақамлар қуйидагилар ҳисобига юзага келмоқда:
- Инвестициялар оқимини пасайиши;
- Рақамли хизматлар экспортининг чекланиши;
- Сунъий интеллект ва булутли технологияларни қўллашдаги чекловлар.
Бу сиёсат сабаб Ўзбекистон иқтисодиёти ҳар йили катта зарар кўрмоқда. Соҳа бўйича йиллик йўқотишлар:
- Электрон тижорат— 900–1250 млн доллар;
- Банк сектори— 850–1170 млн доллар;
- IT/стартаплар— 675–975 млн доллар;
- Fintech хизматлари— 575–825 млн доллар.
Жами зарар: йилига 4,2 млрд доллар, бу эса мамлакат ЯИМининг 5,7 фоизига тенг.
Глобал компаниялар нега келмаяпти?
Шахсий маълумотларни фақат Ўзбекистонда сақлаш талаби туфайли халқаро компанияларнинг 87 фоизи мамлакат бозорига киришни рад этган.
Ўзбекистон бозоридан четда қолган йирик брендлар:
- PayPal
- Stripe
- Netflix
- Spotify
- Amazon Web Services (АWС)
- Microsoft Azure
Ушбу йўқотишлар натижасида уч йил ичида камида 1,35 млрд долларлик инвестициядан маҳрум бўлинган.
Сунъий интеллект имконияти чекланяпти
Замонавий сунъий интеллект моделларининг 85 фоизи глобал булутли технологиялар орқали ишлайди. Аммо мавжуд чекловлар Ўзбекистоннинг бу бозорга киришини қийинлаштирмоқда.
Бу эса мамлакатни сунъий интеллект соҳасида орқада қолдириши мумкин.
Нималар йўқотилмоқда?
- 250 млн долларлик сунъий интеллектга йўналтирилиши мумкин бўлган инвестициялар жалб қилинмаяпти;
- Ўзбекистон глобал СИ тизимидан четда қолмоқда;
- Бу ҳолат ҳукуматнинг ўзи қабул қилган «СИ-2030» стратегиясига зид.
Намуна сифатида қўшни Қозоғистон бу йўлдан ўтиб бўлди. Мамлакат 2018 йилда рақамли сиёсатини ислоҳ қилди ва қуйидаги ёндашувни танлади:
- Маълумотлар аҳамият даражаси бўйича ажратилди;
- Фақат давлат идоралари учун маҳаллийлаштириш мажбурий қилинди;
- Компаниялар учун 18 ойлик ўтиш даври берилди;
- Fintex соҳасида тажриба майдончаси— «қум қутиси» яратилди.
Натижада Қозоғистоннинг рақамли иқтисодиёти ЯИМнинг 5,9 фоизини ташкил қилмоқда.
Ўзбекистон рақамли изоляциядан чиқиши учун қуйидагилар тавсия этилмоқда:
- Маълумотларни фарқлаш: ҳамма маълумотлар бир хил муомала талаб қилмайди;
- «Маҳаллий сервер» эмас, балки «ишончли ҳимоя»концепцияси;
- Қум қутиси: инновацион лойиҳалар учун синов муҳити;
- Ўтиш даври: бизнеслар янги тартибга мослашиб олиши учун вақт.
Бу нима беради?
- ЯИМ ўсиши: 5 йилда +2,5 фоиз;
- 2,8 млрд янги инвестициялар;
- 35 мингта янги иш ўрни.
Ўзбекистон рақамли сиёсатини қайта кўриб чиқиши керак. Бугунги ёпиқ тизим нафақат сармояларни тўхтатмоқда, балки келажакдаги имкониятларни бой беришга олиб келмоқда.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.