Фаластин ЕИни Исроилга чора кўрмасликда айблади

11:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи давлатлари Ғазодаги можарога нисбатан лоқайдлик кўрсатаётгани Фаластин томонидан кескин танқид қилинди.

G'azo

Фаластин ташқи ишлар вазири Варсен Агабекян Европа Иттифоқини Ғазо ва Ғарбий Соҳилда инсон ҳуқуқлари оммавий равишда бузилаётганига қарамай, Исроилга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмасликда айблади. У мазкур ҳолатни «даҳшатли ва умидсизликка солувчи» деб баҳолади. Бу ҳақда «Euronews» нашри хабар берди.

Агабекян таъкидлашича, ЕИнинг ташқи ишлар вазирлари томонидан тайёрланган ҳисоботда Исроил томонидан амалга оширилган 38 та инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолати қайд этилган. Бироқ шунга қарамай, ЕИ ҳалигача ҳеч қандай расмий чора кўрмаган. Вазир бу борада сўзсиз қолишни «Иттифоқ қадриятларига хиёнат» деб атади.

Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишда ЕИга аъзо давлатлар Исроилга қарши жавоб чораси сифатида қурол эмбаргоси жорий этиш, айрим амалдорларга санкция қўллаш ва Исроилни Европа тадқиқот дастурларидан четлатиш каби 10 та чорани муҳокама қилган. Бироқ Германия, Австрия, Венгрия ва Чехиянинг қаршилиги туфайли умумий келишувга келинмаган.

БМТнинг 9 июлдаги ҳисоботига кўра, Ғазо аҳолисининг учдан бири бир кунлик овқатдан ҳам маҳрум, соғлиқни сақлаш тизими эса ёнилғи етишмаслиги туфайли фаолиятни тўхтатиш арафасида.

Фаластин вазири ЕИни ўз тамойилларига содиқ қолган ҳолда Исроилга нисбатан қатъий чоралар кўришга чақирди.