Исроил Дамашқдаги Сурия мудофаа вазирлиги қароргоҳига ҳамда президент саройи яқинига ҳаво зарбалари берди. Бу Сувайда шаҳрида ҳукумат кучлари ва друз жангарилари ўртасидаги тўқнашувлар кучайган пайтга тўғри келди, деб ёзмоқда Al Jazeera.
Турли пабликларда эълон қилинган видеоларда Исроил зарбалари оқибатида қароргоҳ деворлари ёнида тўртта портлаш ва осмонга кўтарилган қора тутун кўриниб, кейинчалик президент саройи яқинига ҳам зарба берилган.
Исроил бу зарбаларни друзлар жамиятини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширганини таъкидлади. Бироқ Суриядаги друз жамоаси бундан аввал Исроил аралашувини рад этган.
Сурия Ички ишлар вазирлиги Сувайдада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишув эълон қилди. Друзларнинг диний раҳбари шайх Юсуф Жарбу тинчлик шартларини тасдиқлаб, барча томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатишга рози бўлганини билдирган.
Суриянинг расмий SANA агентлигига кўра, ҳужумда бир киши ҳалок бўлган, 28 киши жароҳат олган. Ҳукумат Сувайдада тинч аҳолини эвакуация қилиш учун хавфсиз йўлаклар очганини маълум қилди.