Жазирамада қандай жон сақлаш мумкин? ССВ жавоб берди

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 17–20 июл кунлари ҳаво ҳарорати 45 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Мутахассислар айни пайтда болалар, кексалар ва сурункали касаллар хавф остида эканини эслатиб, фуқаролардан эҳтиёт чораларини кўришларини сўрамоқда.

Issiq ob havo

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, юртимизга жанубий иссиқ ҳаво оқими кириб келмоқда. Қуйошли кунларда терморегуляция тизимига юклама ортиши организмда ҳолсизлик, офтоб уриши, юрак-қон томир касалликларининг кучайишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли, соғлиқни сақлаш мутахассислари бир қатор эҳтиёт чораларини тавсия этмоқда.

Аввало, соат 12:00 дан 16:00 гача қуёш нурларидан ҳимояланиш, кўчага чиқмаслик мақсадга мувофиқ. Агар чиқишга тўғри келса, соябондан фойдаланиш, юришни соя жойларда амалга ошириш, кундалик фаолликни эрталаб ёки кечқурунга режалаштириш керак. Уйда эса қуёш тушадиган деразаларни ёпиқ ҳолда ушлаб, хоналарни шамоллатиш зарур.

Либос танлашда енгил, табиий матодан тикилган, оч рангли кийимларга афзаллик берилсин. Бош кийим, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ва соябон иссиқдан сақланишда ёрдам беради. Танани совутиш учун хона ҳароратидаги сув билан душ қабул қилиш, бош ва бўйинга ҳўл сочиқ қўйиш фойдали.

Фаол жисмоний меҳнат, спорт машғулотлари организмга ортиқча юк бўлиши мумкин. Машғулотлар кондиционерли биноларда, сурункали хасталиклари борлар эса шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилиши керак. Сувсизланишни олдини олиш учун етарлича суюқлик истеъмол қилиш лозим.