«Келин ўғирлаш» анъанасига жиноий жавобгарлик белгиланди

10:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Қозоғистонда келин ўғирлаш ҳолатлари энди алоҳида жиноят сифатида баҳоланади. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев мазкур амалиётни қонуний жавобгарликка тортишни назарда тутувчи янги қонунни имзолади. Бу мамлакатда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида муҳим ҳуқуқий қадам бўлди.

Kavkaz asirasi

Тўқаев имзолаган қонунда «Никоҳга мажбурлаш» деб номланган янги модда жорий этилди. Унга кўра, келин ўғирлаш жинояти учун жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, эркинликни чеклаш ёки жиноят оғирлигига қараб 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган. Бундан аввал бундай ҳолатлар «одам ўғирлаш» деб баҳоланиб, 15 йилгача қамоқ жазоси билан чекланар, лекин аёл ўз ихтиёри билан озод қилинган ҳолларда айбдорлар жавобгарликдан озод қилинар эди.

Шу билан бирга, янги қонунда Қозоғистонда илк марта «сталкинг» — яъни шахснинг розилигисиз уни кузатиш ёки алоқа ўрнатишга уриниш каби тажовузкор, лекин зўравонликсиз ҳаракатлар ҳам жиноий тартибда баҳоланиши белгиланди. Бундай қилмишлар учун жарима ёки 90 суткагача қамоқ жазоси қўлланилади.

Президент Тўқаев бу ҳақда илгарироқ Миллий қурилтойда ҳам фикр билдириб, келин ўғирлаш амалиётини миллат номидан қоралаган. У бу хатти-ҳаракатни инсоний қадриятлар ва демократик жамият тамойилларига зид, деб баҳолаган.