Иқтисодиёт ва молия вазирининг 2025 йил 14 июлдаги буйруғига асосан, Кадастр агентлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази томонидан баҳолаш ишлари олиб борилади. Бу жараён Президентнинг 2025 йил 5 мартдаги ПФ-43-сонли фармонига асосан амалга оширилмоқда.
Оммавий баҳолаш жараёнида объектлар қийматини аниқлаш учун бозордаги маълумотлар йиғилади ва таҳлил қилинади. Объектлар гуруҳланиб, ҳудудлар сегментлаштирилади. Нархга таъсир қилувчи омиллар ва уларнинг таъсир коэффициенти ҳисобланади. Кейин эса объектлар баҳоси аниқланиб, натижалар расман тасдиқланади.
Баҳолаш ишлари босқичма-босқич ташкил этилади. 2025–2026 йилларда синов тариқасида Тошкент шаҳрида амалга оширилади. Кейинги босқичда Нукус ва вилоят марказлари қамраб олинади. 2027 йилдан бошлаб қолган ҳудудларда жорий этилиши режалаштирилган.
Маълумотлар манбаси сифатида электрон савдо платформалари, тижорат банклари маълумотлари, ижара ва сотув битимлари, нотариал ҳужжатлардан фойдаланилади. Шунингдек, объектларнинг гаров қийматлари ва бошқа тегишли маълумотлар ҳам инобатга олинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган бўлиб, 2025 йил 14 июлдан кучга кирди. Бу тизим кўчмас мулк бозорида шаффофликни ошириш ҳамда адолатли баҳолашни таъминлашга қаратилган.