Роғун ГЭС электр энергияси Ўзбекистонга етказиб берилади: 20 йиллик келишув имзоланади

13:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Роғун ГЭСдан электр энергияси етказиб бериш бўйича узоқ муддатли келишув имзолашга келишиб олди. Унга кўра, Тожикистон Ўзбекистонга 1 kWh электр энергиясини 3,4 центдан сотади

Rog'un ges

Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСдан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича асосий ҳамкорлик шартларини белгилайдиган келишувни маъқуллаб, имзолаш ваколатини бермоқда. Муҳокамага қўйилган ҳужжатга кўра, Роғун ГЭС электр энергиясининг етказиб бериш тартиби ва ҳажми алоҳида тузиладиган шартнома билан белгиланади. Бу шартнома «Роғун ГЭС» АЖ ва «Ўзэнергосотиш» АЖ ўртасида тузилади.

Шартнома доирасида Роғун ГЭСдан 1 kWh электр энергияси 3,4 центдан баҳоланади (ҚҚСсиз). Нарх ҳар йили 1 фоиз миқдорида индексация қилиб борилади. Индексация иккинчи йилдан бошлаб амалга оширилади.

Энергия етказиб бериш икки давлатнинг миллий диспетчерлари томонидан келишилган график асосида амалга оширилади. Электр асосан Ўзбекистонда қувват танқислиги юзага келадиган соатларда етказиб берилади ва халқаро линиялар орқали амалга оширилади. Роғун электр энергияси «Барқи Тожик» компанияси етказиб берадиган ток билан параллел равишда берилади.

Роғун ГЭСнинг қурилиши давомида электр энергияси фақат вегетация даврида — 1 апрелдан 30 сентябргача етказиб берилади. Лекин станция тўлиқ қувват билан ишга туширилгандан сўнг, етказиб бериш йил давомида ойма-ой амалга оширилади.

Келишув дипломатик каналлар орқали иккала томон ички ҳуқуқий жараёнларни якунлагани тўғрисида ёзма хабарнома алмашганидан сўнг кучга киради. У 20 йиллик муддатга тузилади ва агар томонлардан бири якунланишидан 6 ой аввал ёзма рад этиш билдирмаса, яна 10 йилга узайтирилади.

Маълумот учун: Роғун ГЭС Марказий Осиёдаги энг йирик ГЭС бўлади, унинг лойиҳавий қуввати — 3780 MW. Станцияда 6 та 630 MWли агрегат ўрнатилади. Охирги агрегат 2029 йилда ишга туширилиши кутилмоқда. 2024 йилда станция 1,22 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарган — бу Тожикистондаги умумий ишлаб чиқаришнинг 5,5 фоизини ташкил этган.