Ўзбекистон ТИВ раҳбари Кобулда «Толибон» вазирлари билан учрашди

22:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Бахтиёр Саидов Кобулда «Толибон» ташқи ва ички ишлар вазирлари билан учрашиб, хавфсизлик, иқтисод ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.

Tolibon

2025 йил 17 июл куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Кобулда Афғонистондаги «Толибон» муваққат ҳукуматининг юқори даражадаги вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Саидов ўзининг расмий Telegram саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, дастлабги сиёсий маслаҳатлашувлар Афғонистоннинг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақий билан бўлиб ўтган. Музокараларда минтақавий ўзаро боғлиқлик, сув ресурсларини бошқариш, иқтисодий алоқалар, таълим соҳасини ривожлантириш ва маданий меросни тиклаш каби масалалар муҳокама қилинган.

Бахтиёр Саидов Ўзбекистон томонидан Афғонистоннинг тинчлик ва барқарорлик сари қадамларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уни халқаро жараёнларга интеграциялашуви учун ҳаракатлар давом эттирилишини таъкидлаган.

Шунингдек, Саидов «Толибон»нинг ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Халифа Сирожиддин Ҳаққоний билан ҳам алоҳида учрашди. Унда хавфсизлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва минтақавий барқарорликни таъминлаш бўйича ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўтарилди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Афғонистонда ички хавфсизликни яхшилаш ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилган.