Ўзбекистонда иш берувчилар учун мажбурий суғурта тарифлари қайта кўриб чиқилди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ҳукумат иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида янги тариф коэффициентларини тасдиқлади. Энди улар 20 хил касбий хавф даражасига асосан таснифланади.

Sug'urta ikki

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажбурий суғурта бўйича янги қарор қабул қилди. Унга кўра, иш берувчиларнинг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда қўлланиладиган тариф коэффициентлари фаолият турларига қараб таснифланади. Янги тартиб Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифи (ИФУТ — ОКЭД) асосида ишлаб чиқилган.

Қарорда 934 хил фаолият тури 20 та касбий хавф даражаси синфига ажратилган. Бундай тизимлаштириш турли соҳа ва тармоқлардаги иш хавфини ҳисобга олиб, суғурта мажбуриятларини аниқ ва адолатли шакллантириш имконини беради.

Янги тартибда мажбурий суғурта билан қамровни кенгайтириш мақсадида минимал суғурта мукофоти белгиланди. У базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,25 баравари этиб тасдиқланган. Бу, айниқса, кичик бизнес субъектлари учун суғуртани янада осонроқ ва қулайроқ қилади.

Шунингдек, суғурта ҳолатларини ҳал этиш тартибига ҳам ўзгартиш киритилди. Янги қоидага биноан, суғурта компаниялари суғурта тўловларини тайинлашда қўшимча тиббий текширувлар натижаларини инобатга олишлари шарт. Бу эса даъволарни кўриб чиқишда холислик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.

Қабул қилинган қарор суғурта тизимининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, айниқса касбий хавфи юқори бўлган иш жойларида меҳнат қилувчи ходимлар ҳуқуқларини ишончли муҳофаза қилиш ҳамда иш берувчи ва ишчи манфаатларининг мувозанатли равишда таъминланишини кўзда тутади.