Ўзбекистонда истиқболли ташаббуслар алоҳида тартибда рағбатлантирилади

18:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент фармонига мувофиқ, ҳар йили «Келажак учун» форуми ўтказилиб, долзарб ташаббуслар сараланади ва амалга оширилади.

President

Ўзбекистон Президентининг «Ислоҳотларни амалга оширишда истиқболли ташаббусларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш ва келажакка қаратилган ғояларни рағбатлантириш мақсадида янги механизмлар жорий этилмоқда.

Фармонда қайд этилишича, кенг жамоатчилик ва турли ижтимоий қатлам вакилларининг ислоҳотларда иштирокини фаоллаштириш, аҳоли учун очиқ мулоқот майдонини яратиш ва самарали ташаббусларни саралаш тизимини жорий этиш асосий мақсадлар сифатида белгиланди.

2025 йилдан бошлаб ҳар йили «Келажак учун» форуми ташкил этилади. Форумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ йўналишлар Ташкилий қўмита томонидан белгиланади. Унга оид низомда форум доирасида ташаббусларни қабул қилиш, баҳолаш ва амалга ошириш тартиби аниқ белгилаб берилган.

Ташаббусларни йиғиш, саралаш ва умумлаштириш жараёнлари 1 июлдан 1 сентябрга қадар Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан амалга оширилади. Баҳолаш мезонлари қуйидагилар: долзарблик, ўзига хослик, амалга ошириш имконияти, таъсир даражаси ва ижобий ижтимоий натижа.

Форум доирасида Mentorлар кенгаши томонидан топ-10 деб топилган ташаббуслар Президент иштирокидаги ялпи мажлисда муҳокама қилинади.

Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан Халқаро конгресс марказига ташриф буюриб, ёшларнинг муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, «яшил энергетика» ва қишлоқ хўжалигига оид ташаббуслари билан танишди.