Ўзбекистондаги 8 млрд сўмлик тендерда таниш-билишчиликнинг «ҳиди келмоқда»

19:21 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Технологик металлар комбинати томонидан техноген чиқиндиларни кўчириш хизмати бўйича бошланғич қиймати 8 млрд сўмлик танлов эълон қилинди. 13 июн куни Давлат харидлари порталида мазкур тендер маълумотлари эълон қилинди.

MaoshФото: spot.uz

Қайд этилишича, ғолиб ташкилот Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электрстанцияларидан кулшлак(ёқилғи ёқишдан қолган қолдирлар)ни махсус майдонларга ташиш хизматини бажаради.

Танлов натижасига кўра, 7,52 млрд сўмлик таклиф билан «STRONG CONSTRUCTION MANTLE» МЧЖ ғолиб деб топилган. Иккинчи ўринни эгаллаган ва заҳира ғолиби сифатида қайд этилган «MIRALI LOGISTIKS» МЧЖ эса айнан шу компания билан бир хил манзилда — Чирчиқ шаҳри, Ахмад Яссавий МФЙ, Тикланиш кўчаси 24а уйда жойлашган.

Бу ҳолат тендерда рақобат ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлганми, деган саволларни пайдо қилмоқда. Ҳар икки компаниянинг бир манзилда рўйхатдан ўтгани улар ўртасида мулкий ёки ташкилий боғлиқлик бўлиши эҳтимолини кўрсатади.

«Иштирокчиларнинг таклифларини баҳолашда танлов ҳужжатларида ишлаб чиқилган баҳолаш мезонларига риоя қилинмаган, яъни захира иштирокчисига асоссиз пасайтирилган баллар қўйилган. Бу билан «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунинг 32-моддасига риоя қилинмаган», — дейди «State procurements» Telegram-канали эгаси.