Ўзбекистонликларнинг нақд пулга эҳтиёжи ортиб бормоқда — муомалада қанча бор?

19:40 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил июнь ойи якунига кўра, Ўзбекистонда кенг маънодаги пул массаси (М2) 312,5 трлн сўмга етди. Бу бир ойда 12,3 трлн сўмлик ўсиш демакдир. Марказий банк маълумотларига қараганда, бу кўрсаткич йил бошидан буён 44 трлн сўмга ошган.

Naqd pul

Шунингдек, сўмдаги пул массаси ҳам июн ойида 10,6 трлн сўмга кўпайиб, 250 трлн сўмга яқинлашди. Бу ҳукумат ва молия тизимидаги фаол пул ҳаракати фонида юз бермоқда. Мутахассислар буни иқтисодиётдаги ликвидликнинг ортаётгани билан изоҳламоқда.

Нақд пуллар айланмаси ҳам анча жадал ўсган. Июн ойида муомаладаги нақд пуллар 3,9 трлн сўмга, банк тизими ташқарисидаги нақд пуллар эса 4,1 трлн сўмга кўпайди. Шу тариқа, 1 июл ҳолатига кўра, умумий нақд пул массаси 70,3 трлн сўмга етди.

Қўшимча равишда, юридик шахслар ва ташкилотларнинг ваколатли ҳисобларидаги қолдиқ 22,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу корпоратив маблағлар оқими ҳам фаоллашганини кўрсатади.

Таъкидлаш жоиз, 2024 йилнинг июнь ойида пул массаси 236,4 трлн сўм эди. Демак, сўнгги бир йилда 76 трлн сўмга яқин ўсиш қайд этилган. Иқтисодчилар буни мамлакатдаги инфляция босими ва сарф-харажатлар ошгани билан боғлашмоқда.