2025 йил 14 июл куни Президент Шавкат Мирзиёев «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармонга асосан, Президент администрацияси раҳбари — Саида Мирзиёевага муҳим ташкилий ва молиявий ваколатлар берилди.
Мирзиёева президент маслаҳатчилари ва бўлинмалар раҳбарларининг ўринбосарларини тайинлаш ва озод этиш, шунингдек, бошқарув ходимларини аттестациядан ўтказиш, экспертларни жалб қилиш ва уларга иш ҳақини белгилаш ҳуқуқига эга. Унинг тасарруфига штат жадвали, харажат сметаси, моддий ёрдам ва мукофотлар билан боғлиқ ҳужжатларни тасдиқлаш ҳуқуқи ҳам берилди.
Шунингдек, Саида Мирзиёева лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий экспертларни тўғридан-тўғри шартнома асосида ишга жалб қилиш, уларга миллий ёки хорижий валютада ҳақ тўлаш ҳуқуқини олди. Молиялаштириш манбаси сифатида Администрация фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси кўрсатилган.
Коммуникациялар, ривожлантириш лойиҳалари, давлат дастурлари ва назорат ишлари бўйича ҳам кенг чора-тадбирлар белгилаб берилган. Президент маслаҳатчилари ва бўлинма раҳбарлари доимий мониторинг ва таҳлил олиб бориши, мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириши шарт қилиб қўйилган. Улар доимий равишда президентга таклифлар киритиш билан бирга, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга доир вазифаларни амалга оширишлари керак.
Эслатиб ўтамиз, айни фармон асосида Администрациядаги такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилган, 284 та штат қисқартирилган ва 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилган.