Президент Шавкат Мирзиёев 8 июл куни 2028 йил Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган 34-Ёзги Олимпия ва 18-Паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлашга қаратилган дастурни тасдиқлади.
Ҳужжатда спорт турлари уч тоифага — устувор, истиқболли ва ривожланаётган йўналишларга бўлинган. Устувор турлар сифатида бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш ва оғир атлетика белгиланган. Истиқболлилар қаторига курашнинг бошқа йўналишлари, енгил атлетика, ўқ отиш, велоспорт, сузиш ва синхрон сузиш кабилар киритилган. Ривожланаётган турлар орасида волейбол, триатлон, баскетбол ва стол тенниси бор.
2025/2026 ўқув йилидан Республикан олимпия ва паралимпия тайёргарлик маркази икки босқичли тизимга ўтади. 2026 йилдан бошлаб марказ тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади ва 800 нафар спортчи таълим олади. Улар ойлик стипендия билан таъминланади.
Шунингдек, мураббийлар рағбатлантириш учун натижаларга қараб 10 фоиз устама олади. Ташқи мутахассислар жалб этилиши ҳам назарда тутилган.
Дастур доирасида биринчи бор нодавлат спорт ташкилотлари махсус реестрга киритилиб, уларнинг спортчилари терма жамоаларга қабул қилиниши мумкин бўлди. Президент фармонига кўра, Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари олий ҳарбий таълим муассасаларига тўғридан-тўғри қабул қилинади.
2025 йилдан «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» номли ёшлар чемпионати йўлга қўйилади. Финал босқичи Олимпия шаҳарчасида «Президент Олимпиадаси» форматида ўтказилади.
Спорт жиҳозлари ва экипировкаларнинг айрим турлари 2029 йил 1 январгача божхона тўловларидан озод қилинди. Спортчилар ва мутахассислар даромадлари эса 2021 йилдан бери солиқлардан озод этилган.