Россия бюджетидаги улкан камомад фонида Сенат солиқларни оширишни таклиф қилмоқда

09:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Россия иқтисодиётида нефтдан тушган даромад камайиб, бюджетида 3,7 трлн рубллик туйнук вужудга келди. Федерация Кенгаши ҳукуматдан солиқ имтиёзларини бекор қилиш, хусусийлаштиришни жадаллаштириш ва яширин иш ҳақига қарши курашишни талаб қилмоқда.

Ferderatsiya kengashi

Россия бюджетида вужудга келган улкан камомад фонида Федерация Кенгаши ҳукуматни янги даромад манбаларини излашга чақирди. Бу ҳақда бюджет ва молия бозори қўмитаси раиси Анатолий Артамонов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, иқтисодий кўрсаткичлар ҳақидаги баҳолар тобора пессимистик тус олмоқда ва нефт, газдан тушадиган даромадлар кескин камаймоқда.

Сенаторнинг таъкидлашича, ҳозирги шароитда давлат «барча мавжуд ресурсларни» ишга солиши керак. Жумладан, федерал бюджетда катта улушни ташкил этаётган солиқ имтиёзларини қайта кўриб чиқиш ва уларни қисқартириш масаласи кун тартибига чиқарилди.

Бундан ташқари, Артамонов Россияда «конвертда иш ҳақи» каби яширин иш билан боғлиқ ҳолатлар ҳануз юқори даражада эканини тан олди. Ҳукуматнинг аввалги баҳолашича, бу каби иш ҳақи умумий йиллик ҳажми 10 трлн рублга етмоқда. Бу эса бюджет учун катта йўқотишларга олиб келмоқда.

Шунингдек, сенатор давлатнинг хусусийлаштириш масалаларига етарли даражада эътибор қаратмаётганини танқид қилди. Унинг фикрича, бу йўналиш ҳам давлат хазинасини тўлдиришда муҳим манба бўлиши мумкин.

Россия Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида нефт-газ даромадлари 17 фоизга камайган. Шу пайтда умумий харажатлар 20 фоизга ошган. Бунинг натижасида бюджетда 3,7 трлн рубллик камомад вужудга келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 баробар кўп.

Бошқа томондан, миллий фаровонлик фонди захиралари ҳам сезиларли равишда қисқарган. Уруш бошланиши арафасида 120 млрд доллар бўлган активлар, 2025 йил 1 июл ҳолатига кўра, 52,6 млрд долларгача қисқарган. Бу шундай суръатда давом этса, келаси йили бу захиралар тўлиқ сарфланиши мумкинлиги ҳақида иқтисодчилар огоҳлантирмоқда.