Мазкур ташаббус Думадаги Мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов бошчилигидаги депутатлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган. У «Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида» ҳамда «Россия фуқаролиги тўғрисида»ги амалдаги икки қонунга ўзгартиш киритишни кўзда тутади.
Қонунга мувофиқ, “асосли сабабсиз” ҳарбий рўйхатга турмаганларга берилган паспорт қайтариб олиниши мумкин. Бундай ҳолат юз берса, ҳарбий комиссариат 5 кун ичида Ички ишлар вазирлигига хабар беради. Шундан сўнг вазирлик фуқароликни бекор қилиш юзасидан қарор қабул қилади.
Шу билан бирга, агар шахс хабарнома юборилгандан сўнг 30 кун ичида ўз ихтиёри билан комиссариатга мурожаат қилса, у фуқароликдан маҳрум этилмайди. Ташаббус муаллифларига кўра, қонун 2024 йилда қабул қилинган нормага амалий механизм яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Тушунтириш хатида таъкидланишича, таклиф этилаётган ўзгаришлар ички ишлар ва ҳарбий ҳисоб органлари фаолиятини самарали мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Қонуннинг қабул қилиниши Россияда фуқаролик масалаларига алоқадор назоратни кучайтириши мумкин.