Сирдарё вилоятида ободонлаштириш бошқармаси бригадирларидан бири қўл остидаги аёл ишчи номига кредит расмийлаштириб, хотини билан ҳаж сафарига кетган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов “Жасорат мактаби”даги суҳбат чоғида маълум қилди.
Турдимовнинг сўзларига кўра, 10 кунлик ўқувга жалб этилган ободонлаштириш ходимлари дастлаб ҳеч қандай муаммо ҳақида гапирмаган. Бироқ сўнгра ходимлардан бири онаси ўзини осиш ниятида эканини билдирган. Сабаб сўралганда, маълум бўлишича, ободонлаштириш бригадаси бошлиғи онасидан номига кредит олишни сўраган. Кредит вақтини ўтказиб юбораётгани ортидан қарз ошган ва босим кучайган.
«Сабабини сўрасам, айтиб берди: бригада бошлиғи онасидан кредит олишни сўраган. Кредитни эса ўз вақтида тўламаган. Кечиккан қарз ортиб кетган. Ўша пулни олган одам эса хотини билан ҳажга кетган. Кредитни эса бу аёл тўлаяпти», — деди турдимов.
Ҳокимнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан жабрланган аёл ҳамда «ҳожи бобо»ни суҳбатга чақиришган, бироқ бригадирнинг ўзи келмаган.
«Эртаси куни билган, хижолат бўлиб, пулларни ҳисоблаб келибди. Майли, шунга ҳам шукр дедик. Қаранг, одамларимизнинг қандай бағрикенглиги бор!», — дея таъкидлади Турдимов.