Энди қамоқдан чиққанлар ҳам нафақа олади
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга 2,2 миллион сўм миқдорида бир марталик нафақа тўлаш тартиби жорий этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 июлдаги 444-сонли қарорига асосан, бу нафақа «E-probatsiya» ахборот тизими орқали тайинланади ҳамда маҳаллий пробация бўлимлари орқали фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилади.
Фуқаро жазони ўтаб, эркинликка чиққанидан сўнг 1 ой ичида яшаш жойидаги пробация бўлимига мурожаат қилиши керак. Ариза қабул қилингач, тегишли орган 1 иш кунида нафақа тайинлангани ва уни қаердан олиш мумкинлигини хабар қилади. Маблағни тижорат банки филиалларидан шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан олиш мумкин. Бу тартиб жамиятга қайта интеграция жараёнини енгиллаштириш ҳамда молиявий қийинчиликларни юмшатиш мақсадини кўзлайди.
Аббосбек Файзуллаев ҳам энди Туркияда тўп суради
Россиянинг ЦСКА жамоасида тўп сураётган ўзбекистонлик ҳужумкор ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаев Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клубига ўтиши мумкин. Турк журналисти Осман Алтунтеримнинг маълум қилишича, икки клуб ўртасида келишувга эришилган ва Москва клуби футболчи учун 7 миллион евро олади. Файзуллаев ЦСКА сафига 2023 йилда Тошкентнинг «Пахтакор» клубидан келиб қўшилган эди.
У ЦСКАда 72 учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол ва 22 та голли узатма амалга оширган. 2024/25 мавсумда эса у 39 ўйинда иштирок этди, жамоаси билан Россия Кубоги ва Суперкубогини ютди. Футболчининг Туркиядаги келажаги борасида турлича фикрлар янграмоқда. Жумладан, СССРнинг собиқ футболчиси Владимир Пономарёв Файзуллаевнинг Туркия ёки Европада муваффақият қозона олишига шубҳа билдирган.
Хориждаги ўзбеклар Ватанга пул жўнатиш рекордини янгилади
2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 8,2 миллиард долларга етди — бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга кўп. Марказий банк маълумотига кўра, маблағларнинг катта қисми — 6,4 миллиард доллари Россиядан юборилган. Қолган маблағлар Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия ва бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келди.
Ушбу ўсишга хорижда ишчи кучига бўлган талаб, юқори иш ҳақи ҳамда миллий валюта курсининг барқарорлиги таъсир этган. Пул ўтказмалари географияси ҳам кенгаймоқда: Британиядан икки баробар, Европа Иттифоқи давлатларидан 41 фоиз, АҚШдан эса 15 фоизга кўпроқ маблағ келган. Тўлов усуллари орасида эса анъанавий тизимлар (53%) ва тўғридан-тўғри карта ўтказмалари – P2P (44%) етакчилик қилмоқда. SWIFT орқали ўтказмалар эса сезиларли камайган. Шундай бўлса-да, Ўзбекистондан чет элга юборилган пул миқдори 1,2 миллиард доллар атрофида сақланиб қолган.
Сирдарёда ободонлаштириш бригадаси бошлиғи кўча супурувчи аёл номига кредит олиб ҳажга борди
Сирдарё вилоятида ободонлаштириш бригадаси раҳбари қўл остида ишловчи аёл номига кредит расмийлаштириб, унинг ҳисобидан хотини билан ҳаж сафарига жўнаб кетган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов «Жасорат мактаби»да ўтказилган суҳбатда маълум қилди. Унга кўра, қарзни тўлаш мажбуриятини аёл зиммасига тушган ва қарзни ўз вақтида тўлай олмагач, у ҳатто ўзини осиш даражасига етиб келган.
Турдимов воқеа юзасидан жабрланган аёл ҳамда бригадир билан суҳбат ташкил қилинганини маълум қилди. Аммо бригадир учрашувга келмаган, фақат кейинчалик хижолат бўлиб, олинган пулларни қайтарган. Ҳоким бундай ҳолатлар одамларнинг оғир ҳаёт кечираётгани, бироқ барибир бағрикенг эканини кўрсатишини таъкидлади.
«Шундоқ ҳам кесилиб ётибди» — Мурод Назаров дарахт кесишни қонунийлаштириш таклифини берди
Таниқли тадбиркор ва «Murad Buildings» компанияси асосчиси Мурод Назаров қурилиш пайтида дарахтлар кесилишини қонунийлаштириш таклифини илгари сурди. Унинг фикрича, мавжуд чекловлар коррупцияни кучайтирмоқда, шунинг учун муаммони ҳал қилиш учун институционал механизм яратилиши керак. Назаров қурилиш ишлари сабаб дарахтларни кесиш зарурати туғилиши ва буни олдиндан режалаштириб, компенсация сифатида дарахт экиш тизими жорий этилишини таклиф қилди.
Бунда ҳар бир қурилган бино учун олдиндан белгиланган миқдорда ва ўлчамда янги дарахтлар экилиши, ёки девелоперлар дарахт экиш «лимити»ни учинчи шахслардан харид қилиши мумкин бўлади. Аммо тадбиркорнинг бу баёноти жамоатчиликда кескин танқидларга сабаб бўлди. «Юксалиш» ҳаракати ва фаоллар бу ташаббусни яшил ҳудудларни йўқ қилишга қаратилган, жазосизликни оқлайдиган ёндашув сифатида баҳолашмоқда. Шу билан бирга, бу фикрлар Тошкентнинг бош режасига имконсиз ўзгартиришлар киритилаётгани ҳақидаги хавотирларни ҳам кучайтирди.