Telegram’да юз орқали идентификация функцияси жорий этилади

11:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Telegram мессенжерида юзни аниқлаш технологияси орқали фойдаланувчи ёшини текшириш функцияси жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда дастлабки маълумотлар мессенжернинг синов серверида фаолият юритаётган махсус ботдан олинди.

телеграмм

«Код Дурова» нашри эълон қилган хабарга кўра, мазкур мини-илова ўзини расмий деб таништиради ва юз орқали идентификациядан ўтишни таклиф этадиган интерфейсни тақдим этади. У орқали фойдаланувчи биометрик маълумотларни тақдим этиб, шахсини ва ёшини тасдиқлаши мумкин бўлади.

Ҳозирча бот ҳеч қандай ҳужжат талаб қилмаяпти, деб таъкидлайди манбалар. Шу билан бирга, у Telegram’нинг асосий менюлари орқали мавжуд эмас ва фақат синов серверида ишлаётгани аниқланган.

Айни пайтда Telegram расмийлари томонидан ушбу функция бўйича расмий изоҳ берилмаган. Аммо платформанинг бу каби идентификация воситаларини синовдан ўтказаётгани шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва ёшни аниқлаш борасидаги талабларга жавоб беришга қаратилган бўлиши мумкин.