Хориждаги ўзбеклар Ватанга пул жўнатиш рекордини янгилади

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари 8,2 млрд долларни ташкил этди, бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга кўп. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган шарҳда келтирилган.

Migrants

Қайд этилишича, маблағларнинг 78 фоизи Россиядан (6,4 млрд долл) келиб тушган
бўлиб, қолган қисми Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон, Литва ҳамда бошқа мамлакатлар ҳиссаcига тўғри келди.

«2025 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг ўсишига меҳнат муҳожирлари ишлайдиган анъанавий мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши билан бир қаторда, миллий валюта курсларининг мустаҳкамланиши таъсир қилди», — дейилади шарҳда.

Сўнгги йилларда ташқи меҳнат миграцияси жадал диверсификация қилинаётгани пул жўнатмалари географиясида ҳам акс этмоқда. Трансфертлар ҳажми Буюк Британиядан 2 баробар, Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга (Ирландия 2,8 баробар, Литва 79 фоиз, Нидерландия 44 фоиз, Польша 20 фоиз) ҳамда АҚШдан 15 фоизга ошди.

Чет элдан P2P орқали пул жўнатиш тобора оммалашмоқда. Ушбу даврда жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 4,3 млрд доллари (53 фоизи) анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (ўсиш 22 фоиз), 3,6 млрд доллари (44 фоизи) хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри – P2P ўтказмалар орқали (ўсиш 40 фоиз) ҳамда 251 млн доллари (3 фоизи) банк ўтказмаси – SWIFT орқали (камайиш 22 фоиз) амалга оширилган.

2025 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми ўтган йил даражасида сақланиб қолиб, 1,2 млрд долларни ташкил қилди.