16 июл куни Савдо-саноат палатасида хусусий таълим муассасалари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси раиси Нуриймон Абулҳасан сўзга чиқиб, хусусий ОТМларга нисбатан турлича талаблар қўйилаётганини танқид қилди.
Унинг сўзларига кўра, хусусий ва давлат таълим муассасалари учун алоҳида стандартлар жорий қилинган, бу эса солиққа тортишда ва лицензиялаш жараёнларида номутаносибликка олиб келмоқда. Ассоциация раҳбари бу ҳолатни Ўзбекистон Конституциясига зид деб ҳисоблайди.
Абулҳасан таълим сифати асосий мезон бўлиши кераклигини таъкидлаб, хусусий ОТМлар фаолиятини уларнинг битирувчилари натижалари, ишга жойлашиш даражаси ва илмий салоҳияти орқали баҳолашни таклиф этди. Унинг фикрича, сифати паст бўлган муассасалар барибир бозор талабларига дош беролмайди.
Мулоқотда хусусий университетларга лицензия беришда барча учун тенг талаблар жорий этилиши лозимлиги қайд этилди. Ассоциация айрим ОТМлар талабларга жавоб бермасада лицензия олаётгани, баъзилари эса рад этилаётгани ҳолатларини танқид қилди.
Шунингдек, хусусий ОТМларга профессорлар ва фан докторларини жалб этиш учун бир йиллик имконият бериш таклифи ҳам билдирилди. Лицензия талаблари бажарилиши учун зарур вақт ажратилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланмоқда.
Айни пайтда, ҳукумат томонидан хусусий ОТМларни лицензиялаш ва фаолиятини назорат қилиш тартиби кучайтирилаётгани маълум қилинди. Мазкур ҳужжат 2025 йил 4 октябрдан кучга киради.