Евроиттифоқ 2028–2034 йилларда Украинага 100 млрд евро ажратишни режалаштирмоқда

09:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Европа комиссияси ЕИнинг 2028–2034 йиллар учун мўлжалланган узоқ муддатли бюджети лойиҳасида Украинага 100 млрд евро миқдорида молиявий ёрдам ажратишни таклиф қилмоқда. Бу маблағлар Ukraine Facility жамғармаси орқали йўналтирилади.

Ursula fon der ljajen

Бу ҳақда Брюсселдаги брифингда маълум қилган Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, мазкур таклиф — 2027 йилгача амал қилувчи 50 млрд евролик мавжуд ёрдам жамғармаси тўлиқ ишлатилиб бўлаётган бир пайтда берилган. Янги режа мазкур ёрдамни икки баробар ошириб, Украинада тикланиш ишларини қўллаб-қувватлаш, унинг барқарорлигини мустаҳкамлаш ва Евроиттифоққа аъзо бўлишга тайёргарлик кўришни назарда тутади.

Бюджет лойиҳаси ҳозирча якуний тасдиқдан ўтмаган. Унга муносабат билдириш Европарламент ва Европа кенгашининг зиммасига юклатилган. Ҳужжат 2027 йилнинг охиригача тасдиқланиши кутилмоқда. Лойиҳанинг умумий ҳажми — 1,816 трлн евро бўлиб, бу Евроиттифоқ давлатлари ялпи миллий даромадининг 1,1 фоизидан 1,26 фоизигача ошишига мос келади.

Ukraine Facility — Евроиттифоқ томонидан уруш даври ва ундан сўнгги босқичда Украинага ёрдам кўрсатиш учун ташкил этилган махсус молиявий воситадир. 2024–2027 йилларга мўлжалланган дастур доирасида 50 млрд евро грант ва кредит сифатида ажратилган. Ушбу маблағлар иқтисодий ёрдам, тикланиш, ислоҳотлар ва модернизацияга йўналтирилмоқда. Улардан фойдаланиш қатъий мониторинг ва баҳолаш тизими орқали назорат қилинади.

Евроиттифоқ кенг кўламли уруш бошланганидан буён Украинага қарийб 160 млрд евро ёрдам кўрсатган. Бу маблағга 2025 йилда ваъда қилинган 23 миллиард евролик ҳарбий ёрдам ҳамда Россия активлари ҳисобидан кафолатланган 30 млрд евролик кредитлар киради. Шу билан бирга, 2026 йилда Украинада юзага келиши мумкин бўлган 8–19 млрд долларлик бюджет тақчиллигини ҳам Европа томонидан қоплаш имкониятлари муҳокама қилинмоқда.

Bloomberg нашрининг таъкидлашича, ЕИ ёрдамини кучайтириш Доналд Трампнинг АҚШ президентлигига қайтиши билан АҚШ ташқи сиёсатининг ўзгаришига жавоб ҳисобланади. Янги жамғарма ташаббуси эса Украинага бўлган молиявий юкнинг кўпроқ Европанинг зиммасига тушишига олиб келиши мумкин.