Ўзбекистон Россиядаги ядровий тадқиқот реактори консорсиумига қўшилди

12:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Москвада имзоланган битим Ўзбекистон ва Россия ўртасида янги илмий ҳамкорликни бошлаб берди.

Atom hamkorlik

Ўзбекистон Россияда қурилаётган илғор ядровий тадқиқот реактори консорсиумига аъзо бўлди. Бу ҳақда «Atom media» ахборот агентлиги маълум қилди. Мазкур ҳамкорлик 16 июл куни Москвадаги «Атом» музейида расмийлаштирилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Ядро физикаси институти Россиянинг Димитровград шаҳрида қурилаётган тўртинчи авлод кўп мақсадли тезкор тадқиқот реактори (КМТТР) консорсиумига қўшилди. Реакторни қуриш ишлари «Росатом» таркибидаги Атом реакторлари илмий тадқиқот институти томонидан олиб борилмоқда ва у «Янги атом ва энергетика технологиялари» миллий лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

КМТТР консорсиуми бош директори Василий Константинов ва Ядро физикаси институти директори Илҳом Садиқов битимга имзо чекди. Константиновнинг таъкидлашича, бу каби замонавий реакторлар фундаментал фанни ривожлантириш, заррачалар ҳаракати, симметрия ва кучлар табиати, шунингдек, янги модда ҳолатларини ўрганиш имконини беради.

Ўз навбатида, Илҳом Садиқов ҳам бу ҳамкорлик Ўзбекистондаги илмий салоҳиятни кучайтириш, етакчи лабораториялар билан тажриба алмашиш ва янги ғояларни амалга ошириш учун кенг имконият яратишини таъкидлади.

Маълумот учун, аввалроқ Ўзбекистон 2029 йилда илк атом электростанцияси учун ёқилғи қабул қилиши хабар қилинган эди.