Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатда йўловчи Тошкент метрополитен вагонларидаги иссиқ ҳаводан шикоят қилган. У, шунингдек, жамоат транспортидаги санитария ва қулайликлар талаб даражасида назорат қилиниши кераклигини таъкидлаган.
Бу воқеага муносабат билдирган “Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати маълум қилишича, «Видеода кўрилаётган поезд кўп йиллардан бери ишлатилаётган эски турдаги ҳаракат таркиби ҳисобланади. Унда совитиш тизими аввалдан мавжуд бўлмаган ва бу турдаги поездларга бундай қурилмани қўшиш техник жиҳатдан имконияти йўқ».
Маъмурият сўнгги беш йилда хизмат сифати яхшиланиши учун 41 та янги поезд сотиб олинганини ва улар замонавий совитиш ҳамда иситиш тизимлари билан жиҳозланганини маълум қилган. Бу, ўз навбатида, метрополитендаги умумий поездлар паркининг 50 фоизидан ортиғини янгилашга имкон берди.
Шунингдек, 2025–2026 йиллар давомида яна 14 та тўрт вагонли янги ҳаракат таркибини харид қилиш ва уларни йўналишларга жойлаштириш режалаштирилгани таъкидланган. Ҳозирда бу борада тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Метрополитен маъмурияти йўловчиларга янада қулай ва хавфсиз хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида модернизация жараёни давом этишини билдирди.