2025 йил 18 июл куни Тошкентда ўтказилган очиқ мулоқотда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшилган қиймат солиғини 1 фоизгача камайтириш таклиф қилинди.
BMB Holding кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг таъкидлашича, фермерларнинг 99 фоизи ҚҚС тўламайди ва ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмайди.
Маматқуловнинг айтишича, экспортчилар маҳсулотларнинг 90 фоизини расмий, банк орқали сотиб олади. Аммо қолган 10 фоизини нақд пулга харид қилишга мажбур, чунки фермерлар ҳужжат тақдим қилмайди.
«Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90 фоизини банк ҳисоб рақамлари орқали расмий равишда харид қиламиз. Лекин тан олишим керак: қолган 10 фоизини нақд пулга сотиб оламиз, чунки фермерлар билан бошқача ишлашнинг иложи йўқ. Биз пул ўтказамиз, фермерлар маҳсулот етиштиради ва етказиб беради. Бироқ, маҳсулотни олиб кетаётганимизда ҳужжатларни бермайди. Ҳар йигирмата фермерга битта бухгалтер тўғри келади, кейинчалик уни даромадни расмийлаштиришга кўндириш учун йиллар кетади. Бу ҳужжатларни олишда ёрдам сўраб турли идораларга мурожаат қиламиз, аммо фермерларнинг ярмидан кўпи уларни умуман бермайди. Натижада солиқ ходими келиб сўрайди: маҳсулот қолдиқлари қани? Бу энг долзарб муаммолардан бири ва буни очиқчасига тан олиш керак», дея таъкидлади у.
Унинг сўзларига кўра, қишлоқ хўжалигидаги энг катта юк 12 фоизлик қўшилган қиймат солиғидир. Маматқулов ҚҚСни маълум муддатга — 2−3 йилга 1 фоизгача пасайтиришни таклиф қилди.
У, шунингдек, Туркияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ҚҚС 1% этиб белгиланганини таъкидлаб, газ етишмовчилиги туфайли картошка ва помидор етиштириш зарар билан якунланаётганини айтди.
«Бугунги кунда фермерларнинг 99 фоизида ҚҚС йўқ ва бу ҳеч кимга сир эмас. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун 12 фоизлик ҚҚС ставкаси жорий этилганда, мен дарҳол қарши чиқдим, чунки бу фақат соҳага солиқ юкини оширди» — дея қўшимча қилди тадбиркор.
Маматқулов қишлоқ хўжалиги соҳасида бизнес жараёнларни йўлга қўйиш учун имтиёзли давр ажратишни сўради.
ССП раҳбари бу масалани Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари билан кўриб чиқишга ваъда берди.