Ғазодаги қирғиндан қайси глобал компаниялар манфаат кўрмоқда?

09:00 | 10 дақиқада ўқилади.

БМТ экспертининг кескин баҳолашига кўра, глобал компаниялар Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги ҳаракатларида иштирок этиб, геноцидга шериклик қилмоқда ва босқиндан фойда олмоқда.

Xbox

Хўш, ҳисоботда қайси фирмалар аниқланган ва улар қандай йўл билан фойда олмоқда?

БМТ махсус маърузачиси Франческа Албанезенинг таъкидлашича, дунёнинг айрим йирик компаниялари Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги ҳаракатларига шериклик қилмоқда ва улардан фойда кўрмоқда. Албанезенинг муҳим ҳисоботида Microsoft, Amazon ва Google каби АҚШнинг йирик технология компаниялари Исроилга Ғазодаги геноцидни давом эттиришда ёрдам берувчи «қўшма жиноий корхона»нинг бир қисми сифатида кўрсатилган.

Лекин бундай БМТ ҳисоботларининг ҳуқуқий кучи йўқ, Исроил эса бу айбловларни рад этди. Шундай экан, йирик компаниялар молиявий манфаатларига қарамай Исроил билан алоқаларни қайта кўриб чиқадими? Бутун дунё бўйлаб истеъмолчилар бу фирмаларга иқтисодий босим ўтказадими?

Исроилнинг Ғазодаги уруши 20 ойдан ортиқ давом этиб, 56 мингдан ортиқ фаластинликларнинг ҳаётига зомин бўлган ва бу геноцид давом этаётганининг сабаби — у фойдали бизнесга айланганидир.

БМТ махсус маърузачисининг айтишича, Ғазо уруши ортида нафақат Исроил босқини иқтисодиёти, балки энди геноцид иқтисодиёти пайдо бўлган. Ғазода ва босиб олинган Фаластин ҳудудларининг бошқа қисмларида юз берган зўравонлик, қотиллик, майиб қилиш ва вайронагарчиликдан фойда кўрган шахслар ва ташкилотлар мавжуд.

Франческа Албанезенинг ҳисоботи давлатлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, компаниялар ва олимлардан олинган 200 дан ортиқ маълумотга асосланган бўлиб, унда 60 та глобал компания Исроилнинг геноцидини ва Ғарбий Соҳилнинг ноқонуний босиб олишини тўғридан тўғри ёки билвосита қўллаб-қувватлаши кўрсатилган.

Ҳисоботда АҚШ технология гигантлари фаластинликларни кузатиш ва нишонга олиш учун технологиялар етказиб бергани, қурилиш компаниялари Исроилга фаластинликларнинг уйларини бузиш ва босиб олинган Ғарбий Қирғоқдаги ноқонуний Исроил аҳоли пунктларини кенгайтириш учун ускуналар тақдим этгани, сайёҳлик фирмалари эса ушбу аҳоли пунктларидаги ижарага бериладиган мулкларни рўйхатга олгани қайд этилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, сўнгги 20 ой ичида Исроил армияси ва яҳудий кзчкиндилари Фаластин ерларини вайрон қилаётган бир вақтда, Тел-Авив фонд биржаси 213 фоизга ўсиб, 220 миллиард доллар даромад кўрган.

БМТ махсус маърузачиси барча корхоналарни Исроил билан алоқаларни узишга ва давлатларни унга қурол сотишни тўхтатишга чақирди. У компанияларни жиноят учун жавобгарлик кутаётганини эслатди.

Associated Press ахборот агентлигининг хабарига кўра, Ғазо ҳуманитар жамғармаси учун ишлайдиган америкалик хавфсизлик ходимлари озиқ-овқат олиш учун навбатда турган одамларга қарши ўқотар қуроллар ва карахтловчи гранаталардан фойдаланган. Ғазо Ҳуманитар Фонди (GHF) май ойи охирида Ғазода фаолиятини бошлаганидан бери 600 дан ортиқ фаластинлик оммавий ўқ узишларда ҳалок бўлган.

39 саҳифали ҳисоботда IBM, Microsoft, Amazon, Google ва Palantir каби технология компанияларининг Исроилнинг Фаластин устидан назоратини кучайтириш мақсадида сунъий интеллект ва кузатув тизимларидан фойдаланишга қандай кўмаклашганлари батафсил ёритилган. Шунингдек, Caterpillar, Hyundai ва Volvo сингари қурилиш компаниялари Фаластин инфратузилмасини бузиш ва ноқонуний аҳоли пунктларини барпо этишда иштирок этганлиги ҳам қайд этилган.

Энергетика соҳасида Glencore, BP ва Chevron каби корпорациялар Исроилнинг оккупация билан боғлиқ инфратузилмани сақлаб туриши учун зарур бўлган ресурсларни етказиб бермоқда. Ҳисоботда, шунингдек, Tnuva ва Netafim сингари Исроил озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари Фаластин қишлоқ хўжалиги ерларига кириб бораётгани, ҳамда Mekorot давлат сув компанияси Ғазога сув етказиб беришни чеклашда айбланаётгани танқид қилинган.

Ҳужжатда логистика ва туризм соҳасидаги Maersk, Booking ва Airbnb каби компаниялар босиб олинган ҳудудларда фаолият юритаётгани ва «манзилгоҳлар туризми»ни рағбатлантираётгани алоҳида таъкидланган. Молия соҳасида эса BNP Paribas, Barclays ва Allianz каби банклар ва инвесторлар инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ компанияларга маблағ йўналтиргани айтилган.

Ҳозирги режим нафақат ўн минглаб фаластинлик ҳаётини вайрон қилмоқда, балки II жаҳон урушидан кейин яратилган халқаро ҳуқуқ асосларини ҳам бузмоқда.

Ҳозирги технологиялар ҳаётимизда жуда муҳим. Microsoft маҳсулотлари орқали гаплашяпмиз. Шундай бир компанияни бойкот қилиш осон эмас. Бу жуда қийин. Бу компаниялар ҳаётимизга шунчалик сингиб кетганки, улар билан алоқани узиш деярли имконсиз. Айниқса, ҳозирги масофавий иш дунёсида.

Йиллар давомида технологик компанияларни биз инсониятни тараққиётга олиб борадиган куч сифатида кўрдик. Уларнинг раҳбарларини қаҳрамонларга айлантирдик.

Аммо бу ҳисобот шуни кўрсатдики – бу соҳа ҳарбий-саноат мажмуасига чуқур интеграциялашган. Энди қурол ишлаб чиқарувчилар фақат Lockheed Martin ёки Boeing эмас. Булутли технологиялар ва сунъий интеллект ҳам замонавий уруш қуролларига айланди.

Microsoft, Google, Amazon, Palantir, Meta — буларнинг барчаси ҳарбий технологиялар ишлаб чиқарувчилардир. Уларнинг раҳбарлари эса, охир-оқибат, урушдан фойда кўраётган тадбиркорлар. Microsoftʼни тўлиқ бойкот қилиш бугун қийин бўлиши мумкин, лекин компания ичида Xbox ўйини бўлими энг заиф нуқталардан бири. Xbox ўйинлар бозорида рақобат кучлилиги сабабли, уларни иқтисодий жиҳатдан босим остига қўйиш мумкин.