Ижро ҳокимиятларида ички назорат тизими янгиланади

11:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ҳукумати 2025–2027 йилларда ижро ҳокимият органларида ички назорат тизимини тубдан такомиллаштиришни кўзда тутувчи янги концепцияни тасдиқлади. Бу ташаббус коррупцияга қарши кураш, ҳисобдорликни ошириш ва хавфларни самарали бошқаришни таъминлашга қаратилган.

Toshkent

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, янги концепция миллий ва маҳаллий даражадаги ижро ҳокимиятлари учун устувор йўналишлар, вазифалар ҳамда ривожланиш босқичларини белгилаб беради. Концепцияда ички назорат муҳитини яхлит тизимга келтириш, хавфларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, назорат жараёнларини самарали ташкил этиш каби йўналишлар белгиланган.

Шунингдек, ахборот ва коммуникация тизимларини такомиллаштириш, ички назорат фаолиятини мунтазам мониторинг қилиш ва ҳисобдорликни кучайтириш ҳам режалаштирилмоқда. Бу вазифаларни амалга ошириш учун қонунчилик базасини янгилаш, назорат тизимини стандартлаштириш ва ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш каби чоралар кўзда тутилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, коррупцияга қарши курашиш мақсадида аввалроқ ўтказилган ҳуқуқий эксперимент тажрибаси давом эттирилади. Президентнинг фармонига мувофиқ, айрим вазирлик ва компанияларда ички назоратни тўғридан-тўғри Антикоррупция агентлиги вакиллари амалга оширади.

Янги концепциянинг қабул қилиниши билан давлат бошқарувида шаффофлик ва натижадорликни янада ошириш мақсад қилинган.