Катта пулдан воз кечган Юсупов, муҳокамаларда қолган Мурод Назаров ва Тошкентдаги арзон уйлар — 18 июл дайжести

22:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 18

Ўткир Юсупов ЖЧ учун катта шартномадан воз кечди — ОАВ

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Эроннинг «Фўлод» клуби дарвозабони Ўткир Юсупов катта маблағ таклиф қилинган шартномадан воз кечиб, жорий жамоасида қолишни маъқул кўрди. Унга Теҳроннинг нуфузли «Истиқлол» клуби расман таклиф йўллагани ва шартнома молиявий жиҳатдан манфаатли экани маълум қилинган.

Футболчининг бундай қарор ортидаги асосий сабаб — миллий терма жамоадаги ўрнини сақлаш ва Жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўриш экани айтилмоқда. Янги муҳитга мослашишдаги эҳтимолий қийинчиликларни инобатга олган Юсупов барқарорлик ва спорт формасини устувор деб билган.

 

Олий суд раисининг икки ўринбосари зараркунандаларга қарши сепилган доридан заҳарлангани айтилмоқда

Vaqt.uzʼнинг бир биридан мустақил икки манбасига кўра, Олий суд раисининг икки ўринбосари суд биносида зараркунандаларга қарши қўлланган кимёвий модда таъсирида заҳарланган бўлиши мумкин. Улар дори сепилганини билмаган ҳолда бинода иш бошлаган ва бироз вақт ўтгач, саломатликларида муаммолар сезилиб, шифокорларга мурожаат қилишган. Хабарларга кўра, ўринбосарлардан бири тузалиб, ишга қайтган, иккинчиси эса ҳозирча даволанмоқда.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов эса ушбу маълумотларни рад этди. Унинг таъкидлашича, суд раҳбариятининг барча аъзолари соғ-саломат ва иш фаолиятини давом эттирмоқда. Шунингдек, суд биносида пандемия давридан буён ҳеч қандай дезинфекция ишлари ўтказилмагани, тарқалган хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.

 

«Таклиф бераётган дарахт экиб, боғ яратганми?» — фаоллар Мурод Назаровнинг сўзларига муносабат билдирди

Тадбиркор Мурод Назаров 17 июл куни мораторийга қараб дарахт кесишни тақиқлаш коррупцияни рағбатлантираётганини таъкидлади. У кесишга рухсат бериш, аммо олдиндан дарахт экишни мажбурий қилишни таклиф қилди. Назаровга кўра, техник эҳтиёжлар сабаб дарахтлар барибир кесиляпти, шунинг учун кесишни қонунийлаштириб, уни назорат остига олиш мақсадга мувофиқ.

Унинг бу баёноти жамоатчиликда қаттиқ танқидларга сабаб бўлди. Иқтисодчилар, урбанистлар ва фаоллар шаҳарлар барқарор ривожланиши учун яшил ҳудудларни сақлаш, қурилишлар учун мораторийни бекор қилиш эмас, балки уни кучайтириш зарурлигини таъкидлашди. «Таклиф берган девелопер ўз боғини яратганми?» деган саволлар билан чиқишган фаоллар, ҳозирда мавжуд озгина яшил ҳудудлар ҳам қурилишларга қурбон бўлаётганини кескин танқид қилишди.

 

Тошкентда уй сотиб олишда энг арзон туманлар маълум қилинди

2025 йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳрида иккилламчи уй-жой бозорида уй нархлари 5 фоизгача пасайди. Айниқса, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Чилонзор туманларида нархлар анча тушгани сабабли, уй сотиб олиш учун қулай имконият пайдо бўлди. Янги қурилган уйлар Учтепа, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида арзонлашган.

Шу билан бирга, ижара нархлари умумий барқарорлигини сақлаб қолган — ўртача 1 квадрат метр учун 8 доллар атрофида. Учтепа, Яшнобод ва Чилонзорда ижара пастлашган бўлса, Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасаройда юқори нархлар қайд этилган. Ҳукумат ипотека шартларини енгиллаштирган — фоиз ставкаларнинг марказий банк ставкаси ортиқча қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

 

Тошкент бош режасига ўзгартириш киритилиши мумкин — бу девелопер оғзидан янгради

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасига ўзгартириш киритилиши мумкин. Бу ҳақда 17 июл куни қурилишчилар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилинди. Тадбирда девелопер Мурод Назаров режага тузатишлар кутилётганини айтди. Масъуллар айрим участкаларда 5 қаватли лимитга қарамай, 16 қаватли бинолар қурилаётганини тасдиқлади ва янги меъёрлар ишлаб чиқилиши кераклигини таъкидлашди.

Жамоатчилик ва мутахассислар, жумладан иқтисодчи Отабек Бакиров, режа тасдиқланганига ҳали бир йил ҳам тўлмасдан ўзгартириш муҳокама этилаётганини хавотир билан қарши олди. Улар қурилиш лоббиларининг босими ва режада кўзда тутилган меъёрларнинг бузилиши халқаро стандартларга зид эканини урғуламоқда. Янги режа лойиҳалари фақат илмий экспертиза ва сейсмик хавфсизликни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши кераклиги таъкидланмоқда.