Йиғилиш Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида ўтказилди. Тадбирда қурилиш соҳаси вакиллари билан бир қаторда Даврон Ваҳабов, Мурод Назаров, Бизнес омбудсман раҳбарияти ва бошқа мутасаддилар иштирок этди. Асосий мақсад – соҳадаги муаммоларни муҳокама қилиш ва давлат ҳамда бизнес ўртасида мулоқотни ривожлантиришдир.
Тадбиркор Мурод Назаров мораторий туфайли қурилиш лойиҳалари тўхтаб қолаётганини ва айрим ҳолларда бу ҳолат коррупцияга сабаб бўлаётганини таъкидлади. У «дарахтлар банки» тизимини жорий этиб, дарахт кесишни қонунийлаштиришни таклиф этмоқда. Бу орқали қурувчилар олдиндан дарахт экиб, кейин белгиланган миқдорда дарахт кесиш имконига эга бўлади.
Шерзод Кудбиев бу ғояни қўллаб-қувватлаб, «Агар қурувчи 1000 та дарахт эккан бўлса, бошқа жойда 50 та дарахт кесиши мумкин бўлиши керак», деди. Унинг фикрича, бу механизм атроф-муҳитга зарар етказмасдан қурилишни ривожлантириш имконини беради.
Йиғилишда солиқ масалалари ҳам кўтарилди. Кудбиев тадбиркорлар ортиқча текширувлардан қўрқмаслиги кераклигини билдириб, белгиланган тартибдаги маркировка талабларини тушунтирди. Шунингдек, пойтахтнинг бош режаси қайта кўриб чиқилаётгани ва қурилишлар асосан реконструкция ҳудудларида олиб борилиши таъкидланди.