«Маҳсулот бор, бозор бор, йўл йўқ» — экспортчилар Европа учун темир йўл талаб қилмоқда

20:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонлик мева-сабзавот экспортчилари Европа бозорларига чиқиш учун темирйўл қатновини ташкил этишни сўрамоқда. Автомобил орқали етказиб бериш қимматлиги туфайли маҳаллий маҳсулотлар Туркия маҳсулотлари билан рақобатлаша олмаяпти.

Export

18 июл куни Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортчилари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда логистика муаммоси асосий мавзулардан бири бўлди.

Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш уюшмаси раиси Сардор Аббосхоновнинг таъкидлашича, ҳозирги пайтда асосий экспорт бозорлари Россия ва Хитой бўлиб қолмоқда. Аммо энг истиқболли йўналиш Европа бўлиб, у ерда маҳсулотга талаб катта ва нархлар юқори.

Аббосхоновга кўра, логистика асосий тўсиқ бўлиб турибди. «Бизда иккита таъминот йўли мавжуд — шимолий ва жанубий, уларнинг ҳар бирида ўзига хос қийинчиликлар бор: Россия ва Эрон санкциялар остида, Туркманистон орқали ташиш эса муаммоларга дуч келмоқда. Ҳозирги кунда битта юк машинасини Германия ёки Нидерландияга етказиб бериш 7000 долларга, совутгичли камера билан эса 9000 долларгача тушмоқда. Натижада бир тонна маҳсулотнинг таннархи 300-500 долларга ошиб кетмоқда. Солиштирадиган бўлсак, Туркиядаги энг яқин рақобатчиларимизда бу харажатлар 100 доллардан ошмайди», — дея таъкидлади уюшмаси раиси.

Муаммонинг ечими сифатида у Европа йўналишига темирйўл қатновларини ташкил этишни таклиф қилди. Хитойга юкларни икки ҳафтада етказувчи Тошкент–Сиан блок-поезди мисол тариқасида келтирилди.

Аббосхоновнинг сўзларига кўра, агар Тошкентдан Полша ёки Литвагача темирйўл қатнови ташкил этилса, у ерда юклар автомобилларга юкланиб, Европа бозорларига тарқатилиши мумкин. Бу логистика харажатларини $4−5 минггача туширади.