Қарорга кўра, ўқувчиларни ҳар йилги тиббий кўриклар жараёнида уларнинг физиология ва антропометрия ҳолати баҳоланади. Ушбу маълумотлар асосида спорт турларига бўлган қобилиятлари аниқланиб, «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига киритилади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб мактаб ҳамширалари учун махсус ўқув-семинарлар ўтказилиши режалаштирилган. Семинарлар давомида улар ўқувчиларнинг физиологик ва антропометрик кўрсаткичларини тўғри аниқлаш усулларига ўргатилади.
Шунингдек, «ERP-maktab» ахборот тизими орқали ҳар бир ўқувчининг жисмоний ҳолати, қизиқишлари ва қобилиятларига қараб спорт турларига бўлган муносабати баҳоланади ва бу ҳақдаги маълумотлар электрон базада қайд этилади.
Ушбу янгилик мактаб ўқувчилари ўртасида спортни кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ва салоҳиятли спортчиларни тизимли равишда саралаб олиш имконини яратади.