Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида 2025–2026 йилларда агросаноат соҳасидаги ҳамкорликни амалга ошириш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Ҳужжат 24–25 июн кунлари бўлиб ўтган олий даражадаги ташрифда эришилган келишувлар ижросини таъминлашни мақсад қилади.
Фармонга кўра, Мўғулистондан 100 минг бош майда шохли мол олиб келиниб, 2029 йилга қадар уларнинг сони 1 миллион бошга етказилади. Шунингдек, жун ва кашемирни қайта ишлаш, мева-сабзавот экспортини 10 баробарга ошириш ва мутахассислар тайёрлаш каби йўналишлар белгиланди.
Импорт жараёнларини рағбатлантириш мақсадида тадбиркорларга ҳаво транспорти харажатларининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади, ҚҚС тўлови эса кечиктирилган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, банклар орқали 10 фоиз ставкада кредитлар, суғурта билан боғлиқ енгилликлар кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Мўғулистонда «Ўзбекистон маҳсулотлари» ярмаркалари ташкил қилиниши, Улан-Баторда савдо стендлари ва икки томонлама савдо уйлари очилиши белгиланган. Майин жундан ип ва мато ишлаб чиқариш бўйича ҳам тажриба алмашуви ва маҳаллий корхоналарда қўшма ишлаб чиқариш ташкил этилади.
Мевали кўчатларни етказиш, интенсив боғлар барпо этиш, Тошкент аграр университети ва Мўғулистон табиий фанлар университети ўртасида магистратура дастурлари жорий этиш ҳам фармонда қайд этилган. Барча чора-тадбирлар юзасидан масъуллар аниқ белгилаб берилган.