Ўзбекистонликлар ярим йилда банкларга 9 млрд доллардан ортиқ валюта сотди

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида аҳоли томонидан банкларга 9,1 млрд доллар сотилди. Онлайн валюта операциялари улуши кескин ўсди ва умумий айланма 14,5 млрд долларга етди.

Bank dollar

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонда банклар ва аҳоли ўртасида амалга оширилган валюта олди-сотди операциялари ҳажми 14,5 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга кўпдир.

Шу давр мобайнида аҳоли банкларга жами 9,1 млрд доллар сотган. I чоракда 4 млрд доллар, II чоракда эса 5,1 млрд доллар валюта топширилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 27 фоизга ошганини англатади.

Жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган валюта ҳажми ҳам ортиб, 5,4 млрд долларни ташкил этди. I чоракда 2,4 млрд доллар, II чоракда эса қарийб 3 млрд доллар хорижий валюта банклардан харид қилинди.

Олди-сотди операцияларининг 41 фоизи онлайн хизматлар орқали амалга оширилган бўлиб, бу кўрсаткич 36 фоизга ўсган. Айирбошлаш шохобчалари орқали 8,4 млрд доллар (58 фоиз) айланма қайд этилган бўлса, 252 млн доллари банкоматлар орқали амалга оширилган.

Марказий банк таъкидлашича, аҳолидан сотиб олинган валюта ҳажми, сотилганидан 3,7 млрд долларга кўп бўлиб, бу ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаси сифатида хизмат қилмоқда.