Кремл матбуот хизмати хабарига кўра, Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга 1 сентябргача нодўстона давлатлар ишлаб чиққан дастурлар ва мессенжерларга нисбатан янги чекловлар бўйича таклифлар тайёрлашни топширди. Ушбу қарор 26 май куни мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказилган учрашув натижасида қабул қилинган эди.
Учрашувда Путин Ғарб компаниялари Россиядан кетишини эълон қилиб, амалда ҳануз фойда кўраётганини танқид остига олган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай компанияларга қарши Россия ҳам акс жавоб чоралари кўриши лозим. «Бизни босим остига қўйишмоқда, уларни ҳам биз босимга олишимиз керак», — деганди Путин.
Президент шунингдек, Россия аҳолисини Ғарб дастурларига бўлган боғлиқликдан халос қилиш, миллий рақамли ечимларга ўтиш учун шароит яратиш зарурлигини қайд этган.
Telegram мессенжери билан боғлиқ ҳолат эса алоҳида таъкидланмоқда. Аввал АҚШ ва Британияда рўйхатдан ўтган бўлса-да, 2017 йилдан буён унинг бош офиси Бирлашган Араб Амирликларида — Дубайда жойлашган. Telegram Messenger LLP номи остидаги компания 2019 йили Лондонда расман тугатилган. Шу боисдан Telegram Россияда тақиқланиши эҳтимоли жуда паст ҳисобланади.
Аввалроқ Telegram Россияда расмий офис очиш жараёнини бошлагани ҳақида маълумотлар тарқалганди. «Коммерсантъ» ва ТАСС хабарига кўра, бу маълумот Роскомнадзор манбасидан олинган. Бироқ Роскомнадзор бундай маълумот йўқлигини билдирди.