Маълумотларга кўра, 1992 йилда туғилган, Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро «Водил авто» чегара божхона пости орқали Фарғона ҳудудига ўтаётган вақтда тўхтатилиб, текширувдан ўтказилган. Унинг кийими остига яширилган 859 дона заргaрлик буюми ва бир дона қўл соати топилган.
Тегишли экспертиза хулосаларига кўра, буюмлар кимёвий таркиби олтиндан иборат бўлиб, уларнинг умумий соф оғирлиги 4 кг 155 граммни ташкил қилган. Ушбу заргарлик буюмларининг баҳоси 5 млрд 213 млн сўмга тенг экани билдирилган.
Тергов давомида маълум бўлишича, Туркиядан Қирғизистонга олиб келинган бу буюмлар Фарғона ва Андижонда яшовчи тахминан 10 нафар савдогарга тегишли бўлиб, ушбу шахс 400 АҚШ доллари ҳақ эвазига уларни Ўзбекистонга олиб ўтиб беришга келишган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди (қимматбаҳо металларни ноқонуний олиб кириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида буюмларнинг асл эгалари аниқланмоқда.