«Таклиф бераётган дарахт экиб, боғ яратганми?» — фаоллар Мурод Назаровнинг сўзларига муносабат билдирди

18:00 | 15 дақиқада ўқилади.

17 июл куни Савдо-саноат палатаси билан бўлиб ўтган йиғилишда тадбиркор, Murad Buildings қурилиш компанияси асосчиси Мурод Назаров дарахтларни кесишга мораторийга қарши чиқиб, уни барибир бузишаётганини, бу эса коррупцияга замин яратишини таъкидлади.

Murod nazarov1

Мурод Назаров 2022 йилдан буён дарахтларни кесишга қўйилган мораторий ҳақида фикр билдирди:

«Ҳамма жойларда дарахт бор, ҳар бир бинонинг атрофида дарахт бор. Ва дарахтларни ўша ўйламасдан кесиб ташлагани учун, катта резонанс олиб келгани учун мораторий қўйилганди бунга. Лекин, тўғрисини тан олиш керак, бу жойларда, мана, реконструкция қиладими, реновация қиладими, ўша ҳатто реконструкция пайтида техникани қўяман деса ҳам, дарахтлар халақит беради-да. Ва қанақадир йўллар билан барибир ҳам дарахтлар кесиляпти», дея таъкидлади у.

У тақиқ ўрнига янги дарахтларни олдиндан экиш шарти билан кесишга рухсат беришни таклиф қилди. Унга кўра, компенсация тўлашда дарахт танасининг ўлчамини ҳисобга олиш керак: «Масалан-да, 40 диаметрли, сантиметрли дарахтни кесяпти. Ўша регламентда ёзилган: 40 диаметрли бўлиши учун 20 ёки 15 диаметрли дарахтдан 10 та бўлиши керак».

Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, айрим ҳолларда қурилиш компаниялари диаметри бўйича ҳатто уч-тўрт баробар кўпроқ дарахт экишга ҳам тайёр.

 

Фаоллар муносабати

Жамоатчилик ушбу фикрга нисбатан, асосан, қарши муносабат билдирмоқда. Хусусан, иқтисодчи, профессор Ботир Қобиловга кўра, Тошкент, умуман, Ўзбекистон учун мактаб ерлари, шаҳардаги жамоат боғлари, кутубхона ва умуман жамоатчилик фойдаланадиган ва жамоатчиликни соғлом қиладиган, нафасини яхшилайдиган, уйдан чиқиб қаердадир ўтириб бироз бўлса ҳам табиатдан баҳраманд бўла оладиган жойлар керак.

Иқтисодчига кўра, Ўзбекистонда, хусусан Тошкентда бундай жойлар ниҳоятда кам ва камаймоқда ҳам.

«Дарахт бу қурилишга халақит қилаётган шунчаки объект эмас. Дарахтни кесишга чекловларни олиб ташлаш эмас (улар шундоқ ҳам яхши ишламаяпти шекилли?) аксинча дарахтларни, шаҳардаги боғларни давлат ва ҳокимият томонидан муҳофазасини кучайтириш керак. Шундоқ ҳам қаровсиз бўлиб ётибди, шундоқ ҳам ташландиқ бўлиб ётибди, биз қилмасак шундоқ ҳам бузилмоқда, кимдир қилмоқда деган аргументлар билан кўз юмиш эмас, аксинча айнан шу мисолларни ишлатиб жамоатчилик жойларини ва ҳар бир дона дарахт ва паркларни давлат ўз муҳофазасига янада кўпроқ олиши керак деб ўйлайман. Ҳукуматни кучи етмайди деган аргументга мен қўшила олмайман. Етади, етмаса етқазишни кўпроқ сўраш керак», деб ёзди у.

Яна бир иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов юқоридаги фикрларга қўшимча қилиб, қурилиш мутлақ тақиқланган зоналарни яратиш зарурлигини таъкидлади.

«Зотан, бу иш жуда осон бўлиши керак, шаҳарларда қурилиш мутлақ тақиқланган зоналар — «яшил зоналар» деб эълон қилса бўлди. Буни ҳукумат қила олиши керак. Энди мен шундай деб ўйлар эдим. Лекин Ботаника боғи ва бир нечта шаҳар боғларини ичида қурилишлар қилинганидан сўнг, анча шубҳа қилиб қолдим. Айниқса, бутун бошли Миллий боғни бетонлаштириб ташлашганидан сўнг — умуман умидим қолмади. Кейин мен яшайдиган даҳадаги собиқ Бобур боғи ичида бутун бошли янги квартал қурилмоқда, ҳали битмади».

Урбанист Искандар Солиев юқоридаги фикрларга қуйидагича муносабат билдирди:

«Умуман олганда Беҳзод Ҳошимовнинг ушбу гапларида бирор ғалати ёки ғайриоддий фикрларни ўқимадим. Таклифлари менимча ҳоҳлаган ривожланган шаҳарда иш бериб келади, парклар ҳам, яшил зоналар ҳам юқоридан умуман қурилиш қилиш тақиқланган ҳудудларга ҳақиқатда киритилади. Ва қизиғи шу land use қоидалари ишлайди.

Бунинг ортидан яна бир қизиқ савол туғилади: сиз шаҳарнинг чексиз кенгайишини танлайсизми ёки шаҳарни компакт ва яшаш учун қулай маскан қилишни? Балким ҳақиқатда кесилган ҳар бир дарахт кесилишидан сўнг (парк, яшил зоналардан ташқари) ортидан балким экилиши керак бўлган дарахтга шундан (масалан 30 см радиуслик ёки диаметрлик) кичик бўлмаган шунча дарахт экасан дейиш керакдир?..

Лекин унинг учун бизга кўплаб питомниклар керак бўлар экан, катта дарахтли питомниклар бизда деярли йўқ экан…

Қурилишга келсак Тошкентда ҳали кўплаб саноат зоналари қимматли ерларни эгаллаб турипти ва ярим асрлик ёш маҳаллалар ҳам шаҳарнинг катта қисмини ташкил қилишади ва иссиқлик оролларида айнан шу ҳудудлар энг ёнадигани».

Журналист Муҳрим Азамхўжаев ўзининг телеграм каналида берган «Қурилишларни кўпайтириш керак бўлса, дарахтларни кесмасдан ҳам қурилишларни кўпайтирса бўлар?» деган саволига Беҳзод Ҳошимов қуйидагича жавоб берди:

«Айнан. Кўп холларда, бизни хато дихтомияларга тиқишга урунишади, чунки ўша дихтомияларда ўйлаб топилган дилеммани тақдим қилишади, масалан, айримлар айтишади: «иқтисодий ўсиш бўлса демак, экология ёмон бўлади», «қурилиш бўлса, дарахтлар қолмайди» деб. Аслида тескариси, прогресс ва ривожланиш натижасида экология ҳам яхшиланади, қурилишлар ҳам, шаҳар чўлланишига эмас, дарахтзорга айланишига ёрдам берадиган нарса.

Дейлик, Сингапур ёки Ню Йорк Тошкентдан анча яшил, лекин анча кўпроқ одам уларда яшайди. Лекин Тошкентдан кичик талайгина шаҳарлар бор, дарахтлари кам, яшаш аҳволи ёмонроқ. Ўзи умуман, бойроқ шаҳарларда, яшиллик ҳам кўпроқ, камбағалроқ мамлакатларда, дарахтлар ҳам камроқ.

Қайси ҳолларда бундай? Ҳукуматни компетенцияси юқори бўлмаса. Демак, асосий ўзгарувчи, ҳукуматлар бу нарсани тўғри бошқара олиши. Лекин ўйлаб топилган дихтомия орқали, коррупция ва паст компетенцияни яшириш мумкин. Ёлғон танловда одамларга гўёки танлов ҳуқуқи берилади».

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси Бобур Бекмуродов мораторий муҳокама масаласи эмаслиги таъкидлаб, қуйидаги фикрларни билдирди:

«Девелопер дарахт кесишни қонунийлаштириш керак, деяпти.  Экологлар эса, девелоперлар уйларини шаҳардан  ташқарида қурсин, деяпти. Нима ҳақиқат эканлигини белгиловчи — бу жамоатчилик.  Бугун одамлар шаҳар марказида қурилишлар эмас, яшил ҳудудларни кўпайтириш тарафдори. Битта чинор бироз соя бериши учун 7-10 йил вақт керак. Таклиф бераётган девелопер шунча йил олдин дарахт экиб, боғ яратдими?».

MyTaxi, Express24, Workly, Ma асосчиси Акмал Пайзиев юқоридаги фикрларни давом эттириб, яшил ҳудудлар учун белгиланган нормалар бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Шаҳарлар нафақат бинолар ва йўллардан, балки одамлар дам олиши, болалар ўйнаши, ёшлар спорт билан шуғулланиши ва кексалар сайр қилиши мумкин бўлган яшил ҳудудлардан ҳам иборат бўлиши керак. Бундай ҳудудлар учун белгиланган нормалар бўлиши лозим. Афсуски, Тошкентда бу каби жойлар тобора камайиб бормоқда.

Бу ерлар халқники бўлиши керак. Улар хусусийлаштирилмаслиги ёки қурилиш учун берилмаслиги шарт. Агар бундай жойлар етарли бўлмаса, зарурат туғилганда давлат бизнеслар ёки шахслардан жой сотиб олиб, уни халқ учун паркка айлантириши керак. Бу жамоат соғлиғи, болаларнинг тўғри ривожланиши ва умумий ҳаёт сифати учун жуда муҳим», — дейди Пайзиев.

Журналист Ибрат Сафо ўзининг Facebookдаги саҳифасида лойиҳани ҳукумат вакиллари маъқуллаганидан шокка тушгани ёзди.

«Бу абсурд ғояни ҳукуматнинг вакиллари қўллаб ўтирганларидан шокка тушмай иложинг йўқ. Битта дарахт тутиб ўсиб кетгунча ва атроф-муҳитга фойдаси тегишни бошлагунча қанча вақт ўтишини билмайдими булар? Катта дарахт ва кўчат ўртасидаги CО2ни ютиш ва сақлаш даражасида қанча катта фарқ борлиги ҳақида салгина ўйланиб кўришганми?» — дея савол қўяди у.

Унинг қўшимча қилишича, «Ариқлар кўмиб ташланган, сув кўчатларга келмайдиган, яшил ҳудуди каррасига камайган шаҳарда яна бир амаллаб жон сақлаб келаётган дарахтларни йўқ қилмоқчи. Яна, қурилиш учун. Аҳмоқликнинг чўққиси бу! Буларнинг ўзлари ҳам, болалари ҳам шу шаҳарда яшайди-ку? Дарахт — карбонат ангидридни, жайдарича пешонага бир уриб тушунтирилса, ҳаводаги заҳарни ютиб ўзида ғамлайдиган ягона табиий йўл! Бошқаси йўқ. Филтрларингиз ҳам иш бермайди, фақат ва фақат дарахт юмшатади муаммони».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 31 декабрдаги президент фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилганди.

Фармон билан жарималар беш бараварга, табиатга етказилган зарар миқдори эса икки бараварга оширилди. Қолаверса, дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш тақиқланди.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.