Иқтисодчи Владимир Милов бу жараёнларни Republic нашрига берган интервюсида тушунтирди.
— Яқинда Путин Россия иқтисодиётини Ғарб давлатлари иқтисодиётлари билан таққослар экан, ўз услубида шундай деди: «Улар доим бизни ўлди дейишади. Ҳолбуки ўзлари яқин орада тугаб битишади». Ростдан ҳам Ғарб Россия иқтисодиётига зарар етказиш учун алоҳида саъй-ҳаракат қилишга мажбурми? Ёки Россия иқтисодиётида шундоқ ҳам оғир жараёнлар давом этаяптими?
— Россия иқтисодиёти катта тезликда жарга қараб кетмоқда. Унда у ердан чиқиб кетиш учун бирор ёруғ истиқбол кўринмаяпти. Бу шунчаки вақтинчалик инқироз эмас. Бу сўнгги 40 йилда деярли учратилмаган ноодатий вазият. Россия бу вазиятдан чиқиб кета олишига умуман умид қолмаган. Уч йил олдин Хитой қутқаради, импорт ўрнини босиш иш беради, ички талабга таянган ривожланиш бошланади, деган умидлар бор эди. Бугун эса бундай нарсаларнинг ҳеч бири ишламаяпти. Хитой Россияга ҳеч нарса бериш ниятида эмас. Қолаверса, у ўлаётган, чириб бораётган иқтисодиётга сармоя киритишни ҳам хоҳламаяпти.
Яқинда Финландия Банки қошидаги ўтиш даври иқтисодиётлари институти тадқиқот эълон қилди. Унда Хитойнинг Россияга сармоялари қисқаргани кўрсатилган. Сармоялар шундоқ ҳам жуда оз эди — ЯИМнинг юздан бир қисми даражасида. Энди шу ҳам камайган.
Аҳолининг 70 фоизи камбағал, шу боис биз ички талабни шакллантира олмаймиз. Ривожланишни эса, албатта, бундай талабга суяниш орқали қуриб бўлмайди. Агар Путиннинг тадбиркорлар билан мажлисларини ёки турли бизнес-форумларни кузатсак, улар кўтарган асосий муаммолардан бири — ички бозоримизнинг етарли даражада йирик эмаслиги. Шу сабабли рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имконсиз. Бозор шунчалик торки, у етарли талаб ҳосил қилмаяпти. Агар қандайдир айфонга ўхшаш нарса ишлаб чиқармоқчи бўлсангиз, уни албатта экспорт қилишга мажбур бўласиз. Чунки ички бозор унга керакли миқёсда талаб ярата олмайди.
Импорт ўрнини босиш режаси ҳам кутилганидек, муваффақиятсизликка учраяпти. XXI асрда рақобатбардош маҳсулотни фақат кенг кўламли халқаро кооперация доирасида ишлаб чиқариш мумкин. Буни Чемезов, Мантуров ва ички ишлаб чиқаришга суянган автократик тизим тарафдорларининг пешонасига ўйиб ёзиш керак. Ахир биз XV асрда эмас, XXI асрда яшаяпмиз. Ҳамма ҳам буни тушуниб етмаган, лекин бу — факт.
Бироз олдин бундай тизим ишлайди, деган умидлар бор эди. Дунёдан узилган ҳолда ҳам рақобатбардош иқтисодиётга айланиш мумкин, деб ўйлашарди. Аммо энди биз шиддат билан КХДР томон шўнғиб кетяпмиз. Албатта, биз КХДР эмасмиз, лекин биздаги ягона фарқ — ҳудудимиз катта ва ўз табиий ресурсларимиз бор. Лекин йўналишимиз шу тараф ва бу ботқоқдан чиқиш учун ҳеч қандай истиқбол кўринмаяпти.
Путиннинг риторикасига келсак. У реалликдан тобора узоқлашиб бормоқда. Буни оддий куз билан ҳам пайқаш мумкин. У доимо такрорлайдиган бир фикри бор: гўёки Россия дунёда тўртинчи, Европада эса биринчи ўриндаги иқтисодиётга эга. Илгарилари у буни харид қобилияти паритети (ХҚП) бўйича деб изоҳларди. Ҳозир эса, масалан, Санкт-Петербург иқтисодий форумида у бундай изоҳни ҳам бермади — шунчаки: «Биз — Европадаги биринчи рақамли иқтисодиётмиз», деди. Шунда Германия, Британия, Франция ва Италия ҳайратдан бир четда туришибди.
Бу ерда яна бир жиҳатга эътибор бериш керак: ХҚП — бу шартли таҳлилий кўрсаткич бўлиб, у фақатгина жуда тор таҳлилий мақсадларда, масалан, кундалик ҳаёт даражасини таққослаш учун ишлатилади. Лекин у иқтисодиёт ҳажмини баҳолаш учун ишлатилмаслиги керак. Оддий савол: агар ҳамма нарсани ХҚП бўйича ҳисобласак, унда Айфонни 5–10 минг рублга қаердан сотиб олсам бўлади?
Ёки, масалан, Путин ишсизлик даражаси паст эканини ўз ютуқларидан бири сифатида кўрсатади. Лекин мана яқинда Россия Марказий банкининг молия конгрессида Герман Греф чиқиш қилди ва очиқчасига шундай деди: ишсизлик даражасининг пастлиги — бу жуда ёмон, бу иқтисодиёт учун жиддий хавф, биз эса ҳозирча буни енгишнинг иложини топа олмаяпмиз.
Ростини айтаман, мамлакат раҳбарияти томонидан иқтисодий вазият бўйича айтилган сўзларда бундай даражадаги нотўғри, реалликдан узоқ баёнотларни ҳаётимда эслай олмайман. Ҳатто Леонид Брежнев ҳам КПССнинг XXVI съездида шундай тан олган эди: режа бажарилмаяпти, давлат аҳолини нормал озиқ-овқат билан таъминлай олмаяпти. Ҳозир эса, Путин ҳамма нарса жар ёқасига қулаб бораётган пайтда, гўё ҳаммаси жойида, гўё Ғарбдан ҳам яхши ривожланган соғлом иқтисодиётга эгамиз, деган тасаввурни яратишга уриняпти. Бу кулгили эмас.
Энг қизиғи, буни энди иқтисодий деталларга унчалик кириб бормаган жаҳон миқёсидаги кенг омма ҳам пайқай бошлаяпти.
Аммо унинг олдида бошқа йўл қолмаган. У шунчаки, бу муаммолардан қандай чиқиш ҳақида режа чизиб бера олмайди. Шунинг учун қолган ягона варианти — фантастик манзара яратиш ва ёмон ўйинда яхши қиёфа сақлашдир.
— Сиз Герман Грефни тилга олдингиз. Яқинда у депутат Макаровни ортиқча гап-сўзлардан тўхтатмоқчи бўлганди. Лекин охирги кунларда унинг ўзи ҳам ўз хавотирларини очиқроқ ифода эта бошлади: «Айтганча, 2026 йил ҳам осон йил бўлмайди, деб кутиляпти. Шунинг учун биз 2025 йилда яхши формага кириб олишимиз керак, шунда 2026 йилда ҳам инвесторларимизни ноумид қилмаймиз. <…> Албатта, кўп нарса геосиёсатга, ЯИМ ўсиш динамикасига, шубҳасиз, Марказий банкнинг ставкаси динамикасига боғлиқ бўлади». Бундай хавотирли баёнотлар нима ҳақда сўз юритяпти? Таркибда парчаланиш бошланяптими?
— У ерда максимал даражада чуқур бўлиниш юзага келиб бўлган. Ва у кеча пайдо бўлгани йўқ. Бу Путин билан қолган ҳамманинг ўртасидаги бўлиниш. Бир оз ақли бор одам ҳам тушунади: Путин юритаётган сиёсат ҳалокат билан тугайди. Илгари улар бу ҳақда жуда эҳтиёткорлик билан гапирарди. Аммо бугун бу гаплар шунчалик очиқ ва қайноқ тус олдики, бунга фақат битта изоҳ бор: муаммолар миқёси шунчалик жиддийки, энди сукунат сақлаш мумкин эмас. Эртасига бу цунамидек ҳаммани ютиб кетади. Кўриниб турибдики, улар жуда қўрқишяпти. Энг асосий жиҳат — бу қўрқув. Бизда доим шундай умид бор: гўё элиталарда қандайдир ички бўлиниш юзага келади ва у Путинга қарши ҳаракатларга олиб келади. Лекин бундай ҳаракат бўлмайди, чунки улар қаттиқ қўрқишади. Улар муаммолар ҳақида гапираётганда ҳам кўзларидаги қўрқувни кўриш мумкин. Уларнинг бу муаммолар ҳақида гапиришдан жуда қаттиқ қўрқаётгани сезилади. Аммо гапирмасдан ҳам иложи йўқ.
Яқинда Марказий банкнинг молиявий конгресси бўлиб ўтди, у ерда ВТБ раҳбари Костин ва Марказий банк раиси Набиуллина чиқиш қилишди. Улар очиқ айтди: ҳозирги инфляциянинг асосий манбаси — ҳарбий харажатлар. Менинг хотирамда ҳозирги иқтисодий қийинчиликларда ҳарбий харажатлар муаммоси бунчалик яққол тилга олиниши биринчи бор рўй берди.
Демак, ҳаммаси тушуниб турибди. Улар бу ҳақда овоз чиқара бошлашганининг ўзи вазият назоратдан чиқиб бораётганини билдиради. Бугунги вазиятдаги асосий муаммо нимада? Худди шуни Герман Греф ҳам тушунтирди. У тадбиркорларнинг инвестициявий фаолияти кескин тушиб кетганини таъкидлади. У шундай деди: Сбербанк Россиядаги корпоратив кредитлар портфелининг тахминан 2/3 қисмини кредитлаштиради. Ва бу тадбиркорлар инвестицияни тўхтатяпти — биз буни биринчилардан бўлиб кўряпмиз, деди у. Унга кўра, бу тўхташлар шу қадар тезки, бунга ақл бовар қилмайди. Яъни тадбиркорлар сармоя киритишни тўхтатишяпти. Лекин бутун элитанинг асосий муаммоси шундаки, улар ҳали-ҳануз ана шу асосий муаммолар — уруш, дунёдан иҳоталаниш ва бошқалар ҳақида гапираётганда уларни фақат четлаб ўтиб тилга олишяпти. Улар буни Марказий банк ставкаси мавзуси билан алмаштириб, гўё шу ставка қутқарувчи сеҳрли таёқча бўлади, деб ўйлашяпти. Лекин мен очиқ айтаман: бундай бўлмайди. Чунки улар масалани тўғри қўйиш — буларнинг ҳаммаси айнан путинча моделнинг оқибати, деб айтиш ўрнига иқтисодий касалликларни гўё ялпиз билан билан даволашга уриняпти. Гўё Марказий банк ставкаси бундай вазиятда иқтисодиётни қутқаради.
Аммо ставка ҳам осмондан тушмаган. У — юқори инфляция оқибати. Инфляция эса иқтисодиётга улкан миқдорда пул чиқарилиши, яъни уруш харажатлари туфайли юзага келган. Аммо айни пайтда ишлаб чиқариш ривожлантирилмаган ва натижада бу пуллар нархларнинг ўсишига олиб келган.
Хўш, ставкани пасайтирсак, нимаси ўзгаради? Ҳеч нарса ўзгармайди. Улар, аслида, худди шу ҳақида гапиришяпти. Бу улар учун ечилмас муаммоли зиддият. Ставкани мажбурий тарзда пасайтириш инфляциянинг туркча моделига, ёки 1990-йиллар бошидаги россияча моделига ўхшаш гиперинфляцияга олиб келиши мумкин.
Шунинг учун элита ичида албатта бўлиниш бор. Улар, албатта, бутун бу сиёсатни тўхтатиб, қандайдир «нормал ҳолат»га қайтишни хоҳлашарди. Албатта, Чемезов ёки Мантуров каби камсонли истиснолардан ташқари. Лекин улар Путинга қарши ҳеч нарса қила олмайди. Чунки бундай имкониятлари йўқ. Улар таъқиблардан жуда қўрқишади. Қолаверса, ўзингиз ҳам кўряпсиз: бугун таъқиблар бевосита Россиянинг сиёсий элитасидаги энг юқори қатлам вакилларини ҳам қамраб олмоқда. Мен ўзимнинг манбаларим билан суҳбатлашганимда, улар истеҳзо билан кулишади ва шундай дейишади: «Бизда бу ерда (яъни юқори номенклатурада) сиздақаларни эмас, ўзимизни кўпроқ қамашяпти». Агар янгиликларни кузатсангиз, бу фикр тасдиғини топади.
Улар ҳатто қаҳвахона ёки бошқа жойларда биров билан иккиланиб «Путин ёмон» деган мазмунда суҳбат қилишдан ҳам қўрқишади. Чунки ҳар қандай суҳбат ёзиб олиниши, кейин эса «керакли жойга» етказилиши мумкин. Шунинг учун уларнинг қолган ягона имкони — форумларда қандайдир юзаки, мавҳум фикрларни муҳокама қилиш. Масалан: «Эҳтимол, ставкани тезроқ туширсак, ўзимизни бу чуқурликдан суғуриб чиқармиз», қабилида.
Айтганча, Питер иқтисодий форумида депутат Макаровнинг чиқишини эслайлик. У: «Йигитлар, сармояларсиз ҳеч нарсага эришмайсизлар», деган эди. Мана шу — асосий калит. Россия иқтисодиётини яна ўсишга қайтариш учун сармоя керак. Аммо қонунлар ишламайдиган, судлар адолатли қарор чиқармайдиган, мулкни эса «кимгадир керак бўлиб қолса» олиб қўйиш мумкин бўлган жойга ким ҳам сармоя киритади?
— Ахир яқинда Путин мудофаа харажатларини қисқартириш режалаштирилаётганини айтди. Бу, гўёки, яхши хабар. Лекин шу заҳоти бир нечта савол пайдо бўлади: улар бундан кейин «СВО» деб аталувчи урушда мақсадларга қандай эришмоқчи? Агар Z-блогерларни ўқисак, улар доим фронтда қурол, снаряд ва техника етишмовчилигидан шикоят қилишади. Иккинчидан, энди кеч эмасми? Бу, умуман, бюджет харажатларини сезиларли тежаши мумкинми?
— У мудофаа харажатларини қисқартириш ҳақида гапирганида, у аслида НАТО аъзоси бўлган давлатлар харажатларини кўпайтиришни режалаштираётганини танқид қилаётганди. Шунинг учун бу гапни ўша контекстда қабул қилиш керак. Бу гўёки контраст яратиш учун айтилган: гўёки биз тинчлик тарафдоримиз, улар эса — урушқоқ. Лекин бу мутлақо «Оруэлча» баёнот. Бундай режалар йўқ. Мудофаа харажатлари экспоненциал ўсишда давом этяпти.
Айтганча, қурол етишмаслигидан фақат Z-блогерлар эмас, Путиннинг ўзи ҳам шикоят қилган. Апрелда бўлиб ўтган ҳарбий-саноат комиссияси йиғилишида у «уруш воситалари етишмаяпти» деб айтган эди. Шунинг учун мудофаа харажатлари реал равишда қисқартирилиши мумкин, деб кутмаслик керак. Ҳозирча барча шамоллар аксинча — кенгайтириш тарафга эсмоқда, тўғриси, у шунчаки ёлғон гапирди. Бу унга хос ҳолат.
Мудофаа харажатлари иқтисодиёт учун драйверга айланади, деган гапларга келсак — ҳозирча бу бажарилмаяпти. Агар ҳарбий ишлаб чиқаришнинг улушини турли кўрсаткичлар — масалан, саноат ишлаб чиқариши, қўшимча қиймат, меҳнат бозори ва ҳоказоларда — таҳлил қилсангиз, бу жами иқтисодиётнинг 10 фоизидан ҳам кам. Бу етарли эмас. Агар қолган тармоқлар билан шуғулланилмаса, 10 фоиз сизни ҳеч қаерга етаклай олмайди.
Айнан ҳарбий сектор иқтисодиётни қизитиш, нархларнинг ўсиши, меҳнат бозорида танқислик яратиш ва умуман, фуқаролик секторидан ресурсларни сўриб олиш учун етарли бўлди. Лекин у фуқаролик тармоқларини ҳаракатга келтирадиган етакчи кучга айлана олмади. Бу учун у камида иқтисодиётнинг учдан бир қисмини ташкил этиши керак. Мамлакат катта, иқтисодиёт катта, 100 та ҳарбий завод билан бу каби улкан мамлакатни тортиб чиқиб бўлмайди. Ундан чиқариш учун иқтисодиётнинг ярми ҳарбий секторда ишлаши керак бўлади. Лекин ресурс етишмовчилиги туфайли бунинг ўзи амалга ошмайди. Ҳозир мавжуд ҳарбий секторнинг ўзига ҳам етарли ресурс йўқ.
«Ҳарбий сектор бутун иқтисодиётни тортади» деган ғоя математик жиҳатдан ҳам ишламайди. Ҳозирда иқтисодиётдаги улуши 10 фоиздан ҳам кам бўлган ҳарбий секторнинг ўзига аллақачон ресурс етмаяпти.
Яна бир муҳим жиҳат — ҳарбий сектор иқтисодий ўсиш манбаи бўлиши мумкин, деган гап фақат бир ҳолда ўринли бўларди: агар Россиянинг ҳарбий саноати Ғарбдагига ўхшаган бўлса. Яъни, агар ҳарбий-саноат комплексидан фуқаролик соҳасига технологиялар, кадрлар ва билимлар оқими бўлса. Лекин бунинг ҳеч бири мавжуд эмас. Бунинг икки асосий сабаби бор.
Биринчи сабаб: агар сиз ҳар қандай мудофаа корхонаси раҳбарияти билан гаплашсангиз, ҳатто фуқаролик маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарадиганлари билан, уларда шунчаки манякона, паранойик махфийлик тизими жорий этилганини кўрасиз. Ҳамма нарса қатъий тарзда ажратилган: фуқаролик цехида ишлайдиган ходимларга корхонанинг ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқарадиган ҳудудига кириш тақиқланган. Масалан, Airbus компанияси бор — у фуқаролик маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқаради. Лекин у билан бирга Airbus Defense деб номланган ҳарбий бўлими ҳам бор. У ерда ягона инфратузилма, ягона муҳандислар жамоаси ва бошқа қатор умумий элементлар бор. Россияда эса ҳаммаси бутунлай бошқача, ҳатто совет иттифоқидагидан ҳам ёмонроқ. Бу ерда махфийлик ҳақида кўпроқ таъқиб манияси мавжуд. Шунинг учун ҳам ресурслар, ғоялар, билимлар ва технологияларнинг фуқаролик соҳасига ўтиши умуман юз бермаяпти.
Бир неча ҳафта аввал «Ростех» раҳбари Чемезов Путин билан учрашди. Ва у навбатдаги марта унга «Ростех»нинг фуқаролик маҳсулотлари улуши «махсус ҳарбий амалиёт» деб аталувчи жараён давомида жиддий камайганидан шикоят қилди. Яъни, фуқаролик ва ҳарбий соҳалар ўртасида «фаервол» — девор бор ва улар ўзаро алоқа қилмаяпти. Демак, ҳарбий саноат фуқаролик соҳасига ҳеч қандай туртки бермаяпти.
Иккинчи сабаб: Россия ҳарбий саноати мутлақо монополиялашган ва шаффоф эмас. Ҳатто Сталин давридагидан ҳам баттарроқ. Чунки ўша пайтда, ҳар ҳолда, алоҳида ишлаб чиқарувчилар ва конструкторлик бюролари ўртасида рақобат бўлиши муҳимлиги англашиларди. Путин эса ҳаммасини ҳолдингларга бирлаштириб юборди. Яъни, оддий қилиб айтганда — монополиялар яратди. Улар нима қилмоқда? Сифатни пасайтира туриб, нархларни доим оширишмоқда. Бошқа йўли йўқ. Мен доим такрорлайман: Путинга иқтисод фанидан дарслик совға қилиш керак. Натижада — мутлақо самарасиз ҳарбий сектор пайдо бўлди.
Уларнинг ўз баҳсларини тингланг. Чемезовнинг РБКдаги сўнгги мақоласида уларнинг рентабеллик даражаси паст эканлиги айтилган. Путин эса доим уларни ҳарбий маҳсулотлар нархини аввал бошда келишилган нархларга нисбатан сунъий оширганликда айблайди. Энди ўйлаб кўринг, шундай тизим рақобатбардош фуқаролик маҳсулоти ишлаб чиқара оладими? Албатта, йўқ.
Шунинг учун «ҳарбий иқтисодиёт» ғояси охир-оқибат ўзининг бор будини намоён қилди ва айнан шундай бўлиши керак ҳам эди. Улар у ерга катта пулларни тиқиштиришди. Лекин бу соҳа шундоқ ҳам имконият чегарасида ишлаяпти — рентабеллик паст. Бутун соҳа бугун ҳам қўлини чўзганча бюджет молиялаштиришига қараб турибди. Агар шу бюджет маблағлари оқими тўхтаса — бюджет имкониятлари тугаётгани сабабли биз шунга қараб боряпмиз — бутун ҳарбий иқтисодиёт тўхтайди. Худди 1991 йилда бўлганидек.
Ҳа, улар ҳарбий харажатларни қисқартириш зарурати қаршисида турибди. Лекин ҳозирча кўриниб турибдики, токи Путинда урушни давом эттиришга ресурс бор экан, у давом эттиради. Яқин орада ҳаёт уни ўз жойига қўйиб қўяди. Лекин бу фурсат ҳали етиб келмади. Шунинг учун «харажатларни қисқартамиз» дегани унинг шунчаки қуруқ гаплари.
— Қачон ҳаёт уни ўз ўрнига қўяди? Путиннинг айтишича, Россия мудофаага 13,5 трлн рубл, яъни ЯИМнинг 6,3 фоизини сарфлаяпти. Бир қараганда, унчалик кўп эмасдек.
— Албатта, 13,5 трлн эмас, анча кўпроқ. 13,5 трлн рубл — бу ўтган йили федерал бюджет билан бирга тасдиқланган рақам. Лекин ҳаёт шундан далолат бермоқдаки, амалда ҳарбий харажатлар бу йил режадагидан тахминан икки баравар кўп бўлаяпти. Буни қўпол қилиб айтяпман. Менимча, бу ердаги харажатлар 13,5 эмас, 20 трлнга яқин бўлса керак. Буни йилнинг дастлабки ойларида берилган аванслар ва ҳарбий маҳсулот жойлашган бюджет моддаларига кирувчи соҳаларда ишлаб чиқариш кўлами орқали кўриш мумкин.
Энди, иқтисодиёт бу харажатларни яна қанча кўтара олади, деган масалага келсак — биз буни жуда яқинда билиб оламиз. Чунки уларда шундай бир «ҳақиқат онлари» яқинлашмоқда. Улар сентябрда Думага келаси йилги бюджет лойиҳасини киритиши керак. Бу — Россиянинг асосий молиявий ҳужжати. Уларда ҳозирнинг ўзида Миллий Фаровонлик фонди (ФНБ) деб аталадиган жамғарманинг «ликвид қисм» деб аталадиган бўлимида қолган нақд пул миқдори бу йилги режалаштирилган федерал бюджет тақчиллигидан камроқ. Шунинг устига, Петербург форумида кўплаб амалдорлар очиқ айтишдики, эҳтимол, бу йилги тақчиллик режадагидан ҳам каттароқ бўлади. Яъни, 1 июн ҳолатига кўра, ФНБнинг ликвид қисми 2,8 трлн рубл эди, холос. Бу йилги режалаштирилган тақчиллик эса — 3,4 трлн. Улар пулини қаердан олади? Бу саволга ҳозирча жавоб йўқ.
Алоҳида имконият сифатида улар ички қарз бозорига мурожаат қилиши мумкин. Лекин у ерда фоиз ставкалари юқори бўлгани учун ҳозирги пайтда нетто жалб қилиш — нолга тенг. Давлат қарзини қайтариш учун жуда кўп фоиз тўлаяптилар, шу сабабли Федерал заём облигациялари (ОФЗ) орқали жалб қилинган барча маблағлар шундоқ ҳам фоиз сифатида қайта тўлаб юборилмоқда.
Шу сабабли, қўшимча пул топиш нуқтайи назаридан, ОФЗ орқали «туйнукни беркитиш» уларга ҳеч нарса бермаяпти. Пулни қаердан олишлари керак — бу савол очиқ қолмоқда. Ўзлари жавоб беришсин. Ушбу ҳарбий харажат юкини яна қанча вақт кўтара олишади — шу «сеҳрли рецепт»ни биз айнан 2–3 ойдан сўнг, келаси йил учун бюджет лойиҳаси орқали билиб оламиз.
Украинага қарши ўтган уч йиллик кенг кўламли уруш давомида вазият шундай ривожландики, улар фақат илгаридан тўпланган ресурсларни ейиш билан кун кўришди. 2022 йил февралда ФНБнинг ликвид қисми 9 трлн рубл эди. Ҳозир — 3 трлндан кам. Улар бюджетдаги барча тақчилликларни ана шу ресурсларни ейиш ҳисобига молиялаштириб келди. Эндиликда бундай қилишолмайди. Чунки уларда энди фақат яна бир марта ва ундан ҳам камроқ пул қолди, холос.
— Агар сиёсий элита яқинлашиб келаётган иқтисодий таназзулдан хавотирга тушаётган бўлса, янги ижтимоий сўровларга кўра, россияликлар оммаси ҳеч қандай ташвиш сезмаётгандек. Мана, масалан, «Левада маркази» маълумотлари: «Россияликларнинг катта қисми хотиржам, барқарор ҳолатда. Ҳаммаси жуда яхши дейдиганлар улуши бироз камайган, салбий ҳиссиётлар кечираётганлар улуши эса озроқ ўсган». Яна бошқа рақамлар ҳам бор. «Жамоатчилик фикри» фонди социологларига кўра, ўз моддий аҳволини ёмон деб баҳолайдиган россияликлар улуши 2010 йилдан бери энг паст даражага тушган. Ҳар тўртинчи россиялик эса ўз молиявий аҳволини яхши, деб атаяпти. Айтганча, менинг Курган областидаи танишларим — мамлакатдаги энг камбағал ҳудудлардан бири — ҳозир хурсанд: охир-оқибат уларнинг маошлари ўсмоқда ва иш жойлари кўпаймоқда. Иқтисодиёт ва ташқи сиёсатдаги муаммолар фонда бу феноменни қандай изоҳлаш мумкин?
— Шундай бир ҳазил бор. Доимий яшаш жойига эга бўлмаган киши бир куни қашшоқ ҳаётдан чарчаб, ўзини осиб ўлишга қарор қилади. Жамоат ҳожатхонасига кириб, ўзини осиш учун сиртмоқ тайёрлайди. Шунда бирдан кўз ўнгидаги токчада ярим чекилган сигаретни кўриб қолади. «Ўлгунча шуни чекиб қўя қолай», деб ўйлайди. Чекади ва яна осилиш учун сиртмоққа бош суқади. Бир вақт қараса, бурчакда ярим ичилган портвейн шишаси турар экан. Сиртмоқдан тушади. Икки қултум урганидан сўнг, бирдан ўйлайди: «Мен нега ўзимни осишим керак? Ҳаётим секин-аста яхшиланяпти-ку!»
Мен Курган областида бўлганман. Ва у ерда аҳвол яхшиликдан дарак берувчи ҳеч нарса кўрмаганман. Бу — Россиянинг энг камбағал ҳудудларидан бири. Албатта, у ерга ҳарбий-саноат мажмуасидан (ВПК) бир оз пул қўшилгандек бўлди — одамларга ҳаёт яхшиланяпти, деган тасаввур пайдо бўлди. Ҳа, ҳозирча ВПКда пул бор, лекин бу вақтинча. Агар ВПКдан ташқарига чиқадиган бўлсак, қолган соҳаларда вазият унчалик яхши эмас. Ҳатто жамият фикрини ўрганиш натижаларига кўра ҳам, аҳолида фақат 25 фоиз одам ҳаётидан мамнун. Ҳа, бу шундай. Бу — ВПК, банклар, давлат бошқаруви, нефт соҳаси, ўғит ишлаб чиқариш каби нисбатан фаровон соҳаларда ишлаётганлар. Қолганлар — тирикчилик қилиб кун кўраётганлар. 70 фоиз одам — бу «молиявий аҳволим ўртачароқ» ёки «ёмон» дейдиганлар. Биздаги шароитда «ўртача» дегани нима? Ҳозир Россияда медиан маош — 60 минг рубл. Буни катта пул, деб бўладими? Россияликлар одатда давлат «деҳқончилик иқтисодиёти» деб атайдиган нарса орқали кун кечиради. Яъни, ўз дачасида картошка экиб, ўзини таъминлайди. Аксарият россияликлар ойликдан ойликка амал-тақал қилиб яшайди. Асосий харажат моддалари — озиқ-овқат ва коммунал тўловлар. Ана шу коммунал тўлов ва озиқ-овқатдан ташқари ҳеч нарса сотиб ола олмаймиз, деб айтувчилар улуши доимий равишда 30–40 фоизни ташкил этади.
Оқибатда, одамлар ҳаётни ўзгартириш имконини кўрмаётгани учун, ўзини ишонтиришга ўтиб, «ҳаётимиз ёмон эмас» деган «мантра»ни такрорлай бошлайди. Илгарироқ сиёсий имкониятлар кенгроқ бўлган, ҳокимиятни танқид қилиш, норозилик намойишларига чиқиш мумкин бўлган даврларда бутун мамлакат бўйлаб қаршиликлар кучли эди. Сиёсий ва минтақавий кампаниялар юз берарди. Бугун эса бутун жамиятда қўрқув ҳукм сураяпти, одамлар қўрқаяпти ва ҳеч қаерга чиқмаяпти. Шунинг учун улар бунга қарши чиқмайди, балки мослашади. Лекин объектив мезонларга кўра россияликларнинг моддий аҳволини ҳатто қониқарли деб ҳам аташ мумкин эмас.
Аслида, бу иқтисодиёт ривожини тўсувчи жуда муҳим омил. Чунки одамлар қимматроқ, рақобатбардош маҳсулотларни сотиб олиш имкониятига эга эмас — уларга талаб йўқ.
— Унда россияликлар иқтисодий жиҳатдан нимага тайёр туришлари керак? Ҳар қанча мураккаб бўлмасин, Сиз айтганингиздек, бу ниҳоятда оғир инқироз эмас — у катта депрессия ёки 1998 йилдаги дефолт даражасида эмас. Нима бўлганда ҳам, мослашиш мумкин-ку?
— Йўқ, аслида бу тўлақонли Катта депрессия. СССР парчаланганидан бери кузатилган энг оғир инқироз. Мен ушбу инқирозларнинг ҳаммасини жуда яхши эслайман. Ҳаммаси ёмонлашиб кетмагунча, айни пайтдагидай валюта айирбошлаш шохобчалари ёпилмагунча, банкларда пул бермай қўймагунча, дўконларда овқат қолмагунча ва бошқа шунга ўхшаш кескин ҳолатлар юз бермагунча, ҳамма доим: «Ҳеч қандай даҳшатли нарса йўқ, ҳаёт ўз йўлида кетяпти, шунчаки сизлар ваҳима қилаяпсизлар», дейди. Мана, сиз дефолтни эсладингиз. Лекин мен эсимда: ўша кунгача ресторанлар тўла эди, одамлар ўтириб дам олишарди. Кейин эса ҳаммаси дарҳол бўшаб қолди. Инқироз яқинлашиб келаётганини оддий одамлар ҳис қилмаган, у ҳақда асосан иқтисодчилар гапирарди.
Россиялик амалдорлар, расмий шахслар, олигархлар ва бошқаларнинг сўнгги чиқишларини яна бир бор тингланг — улар сўнгги 30 йилдаги энг ташвишли гапларни айтишяпти. Агар 30 йил олдин, тўқсонинчи йилларда, вазият оғир бўлган бўлса, биз ўшанда инқироздан чиқишни бошлаган эдик. Жиддий бозор ислоҳотлари ўтказилган эди. Яна бир оз кутиш керак эди, шунда жадал ўсиш бошланарди. Ҳозир эса аксинча, биз худди совет иттифоқининг сўнгги йилларида бўлган траектория бўйлаб кетаяпмиз. Ҳозир биз дунёдан узилганмиз. Рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқа олмаймиз. Ички бозор етарли эмас, ташқи бозорларга киритишмаяпти. Инвестициялар камаймоқда, ҳатто Хитойдан ҳам. Ички ресурсларни эса жуда тез сарфлаб юборяпмиз — фойда келтирмайдиган соҳаларга, энг аввало ҳарбий саноатга харжлаяпмиз. Бу эса келажакда ҳеч нарса бермайди. Пуллар шунчаки совурилади — қурол, ҳарбий техника, ўқ-дорилар ишлаб чиқарилади, улар эса Украинада йўқ қилинади. Бу иқтисодиётга ҳеч қандай натижа бермайди. Қандай қилиб фаровонлик, инвестициялар ўсиши мумкинлиги ҳақида улар ҳеч нарса айтмаяпти.
Уларнинг барча умиди ва риторикаси Марказий банк ставкасининг туширилишига боғланган. Лекин Марказий банк тўғри савол қўяди: «Йигитлар, ставка камайишидан нима наф, агар ресурслар тўлиқ етишмаса? Сизлар бу ресурсларни ишлаб чиқармаяпсиз-ку? Инсон ҳам йўқ, қувват ҳам йўқ, технология ҳам йўқ».
Бу менга тарихий воқеани эслатади: Иккинчи жаҳон уруши охирида Гитлер генерал Штайнер армияси келиб, уни қутқаради, деб умид қилган эди. Аммо воқелик шундан иборатки, биз жуда чуқур жар ёқасига кириб боряпмиз ва у ердан чиқиш йўли кўринмаяпти.
Шунинг учун одамлар яқинда оғир сценарийлар рўй беришига тайёр бўлиши керак. Камарни қаттиқроқ боғланг — қатор тебраняпти. Бу саксонинчи йиллар қайтадан бошланганга ўхшаш. Фақат битта фарқ бор: ўшанда Россия Ғарбдан катта-катта қарз олиш имконига эга эди, чунки ўшанда Горбачёв ярашув, Ғарб билан илиқ муносабатлар сиёсатини бошлаган эди. Энди эса бундай имконият йўқ — ҳеч ким бизга ҳеч нарса бермайди. Хитой ҳам бермаяпти. Қолган ресурслар кўз олдимизда эриб боряпти. Бу жуда оғир вазият бўлади. Менимча, Россия иқтисодиёти таназзул ёқасига келиб қолди, деган гапларга кулган одамлар энди бу мавзуда ҳазил қилишни тўхтатиши ва бор бойлигини сақлаб қолиш ҳақида ўйлаши керак. Жамғармангизни қийматли валютада сақланг, ҳеч қаерга инвестиция қилманг, кредит олманг, ўсишга умид боғламанг. Ҳеч қандай ўсиш бўлмайди.
Бу барча нарсалар сиёсатни қайта кўриб чиқиш ва урушни тўхтатишга олиб келадими — биз билмаймиз. Лекин учувчи кабинасидаги барча ускуналарда қизил сигнал ёнаяпти. Биз келаси йилги федерал бюджет муҳокамасини кузатамиз. Шуларнинг барчаси Путинни соғлом ақлга чақиришга мажбур қиладими? Балки йўқ. Унда инқироз янада чуқурлашади.